Тойлоқда мурожаатчига кечиктирилган кредит маблағи бугун ажратилди
Ижтимоий тармоқларда Тойлоқ туманида яшовчи фуқаро Жавоҳир Сатторовнинг мурожаати эълон қилинди.
Унда айтилишича, фуқаро Халқ банкининг Тойлоқ филиалига имтиёзли кредит олиш учун ариза топширган, ҳужжатлар қабул қилиниб, кредит ажратилиши бўйича СМС хабар ҳам келган. Аммо кредит маблағини бериш кечикмоқда.
Халқ банки мазкур ҳолат бўйича ўрганиш олиб борди ва қуйидагиларни маълум қилди:
"Бугунги кунга қадар Халқ банкининг Тойлоқ филиалига имтиёзли кредит олиш учун мингдан ортиқ мижоз ариза топширган. Ўтган олти ой давомида 838 фуқарога салкам 15 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилган. Яна 200 дан зиёд фуқаро “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида кредит олиш учун мурожаат қилган бўлиб, ҳозирда уларнинг ҳужжатлари ўрганилмоқда ва навбатма-навбат кредит ажратилади.
Худди шундай, фуқаро Ж.Сатторовга ҳам кредит ажратиш тасдиқланган бўлиб, бугун, 15 июль куни кўрсатилган ҳисобрақамга кредит маблағи ажратилди".