Тойлоқда пандемия даври қандай кечмоқда?

Тойлоқ тумани ҳокими Б.Бобоназаров иштирокида ўтказилган брифингда вилоят махсус комиссиясининг 2020 йил 24 апрелдаги баёни билан туман ҳудудида қаттиқ режимдаги карантин ҳолати эълон қилингани қайд этилди.

Таъкидланишича, туман ҳудудида қаттиқ карантин ҳолатини ўрнатиш, коронавирус инфекциясининг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида 44 та тўсиқ постлар, 5 та назорат ўтказиш постлари, 7 та автопатруль йўналишлари, 50 та пиёда патруль гуруҳлари, шунингдек, карантинга олинган хонадонларда яшовчи фуқаролар хонадонларини қўриқловга олиш учун 24 нафар ходимлар бириктирилган. Ташкил этилган гуруҳлар фаолиятини ўрганиб бориш учун 5 та текширув гуруҳлари тузилиб, ходимларнинг хизмат олиб боришлари устидан қаттиқ назорат ўрнатилган.

Шунингдек, ҳудуддаги 20 та дорихона назоратга олиниб, шубҳали харидорлар ҳақидаги маълумотларни ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига тақдим этиб боришлари тўғрисида огоҳлантирилган.

Туманда карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ 1495 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилиб, маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Бундан ташқари, карантин билан боғлиқ қоидабузарликлар учун 374 та автомашиналар жарима майдончаларига жойлаштирилган.

- Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш учун туманда 320 ўринли марказий шифохона, 1 та кўп тармоқли марказий поликлиника, 2 та қишлоқ оилавий поликлиникаси, 6 та қишлоқ врачлик пунктлари ва уларнинг 14 та филиаллари фаолият кўрсатмоқда, - дейди Б.Бобоназаров. - Пандемияга қарши курашиш мақсадида туман тиббиёт бирлашмасидан 1164 нафар тиббий ходим, шу жумладан, 281 нафар шифокор, 843 нафар ўрта тиббий ходим жалб қилинди.

Туман санитария-эпидемиологик осойишталик марказининг 48 нафар ва қўшимча туман бандликка кўмаклашиш марказидан 14 нафар ходимлар ушбу ишларга жалб қилинди.

Боғизағон ҳудудида 35-қишлоқ оилавий поликлиникаси қошида 70 ўринли провизор ташкил этилди. Провизорга COVID-19 касаллиги бўйича шубҳа остига олинган 128 нафар фуқаролар жойлаштирилди. Ҳозирги вақтда ушбу масканда 9 нафар фуқаролар назоратда турибди.

Умуман, жорий йил 15 мартдан 4 июнга қадар 3 410 нафар фуқаролар тиббий кузатувга олинган бўлиб, уларнинг 3382 нафарида касаллик аниқланмаганлиги учун тиббий назоратдан чиқарилди.

Туманда 4 июнь ҳолатида COVID-19га тасдиқланганлар сони 84 нафарни ташкил этиб, шундан 82 нафар беморлар соғайган. Бугунги кунда 2 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

Айни пайтда 8 та дезинфекция гуруҳлари ишларини давом эттирмоқда.