Тойлоқдаги 14 фермерга шартномада кўрсатилган ерларга уруғ қадамагани учун маъмурий жазо қўлланилди

Ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларга кўра, Агроинспекциянинг вазифаларига ерлардан қатъий равишда мақсадли фойдаланиш, суғориладиган экин майдонларининг муомаладан чиқарилишига йўл қўйилмаслик ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича қабул қилинган шартнома мажбуриятларига риоя этилиши устидан назорат қилиш киради.

Мазкур вазифалар ижроси юзасидан назорат тадбирлари ўтказилганда, инспекциянинг Самарқанд вилояти бошқармаси томонидан вилоятнинг 101 минг 230 гектар ер майдонига экилган кузги бошоқли дон экинларидан мўл ҳосил етиштириш учун белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилмаганлиги, шартнома мажбуриятларига риоя этилмагани аниқланган.

Жумладан, вилоятнинг Тойлоқ туманида фаолият кўрсатаётган 14 та фермер хўжаликлари томонидан 15 гектар ер майдонига шартномада белгиланган бошоқли дон экинлари экилмаганлиги, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан хўжасизларча фойдаланиш, ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик сингари ҳолатлар содир этилган.

Шу муносабат билан инспекциянинг туман бўлими томонидан шартномада кўрсатилган экин майдонларига бошоқли дон экинлари экмаган фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан киритилган даъво аризаси маъмурий ишлар бўйича Тойлоқ тумани суди раиси Темур Эргашев томонидан ўтказилган сайёр суд жараёнида кўриб чиқилди. Натижада 14 та фермер хўжаликлари раҳбарларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 65-198-моддаларига асосан маъмурий жазо чораси белгиланди.

Кези келганда шуни таъкидлаш лозимки, ерлардан хўжасизларча фойдаланиш, ер майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиш, ерларни фойдаланишдан чиқаришга, ҳосилдорлик пасайишига, тупроқнинг бузилиши ёки йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни содир этиш, шунингдек, таназзулга юз тутган қишлоқ хўжалиги ерларини консервациялашнинг белгиланган тартибини бузиш, фуқароларга - энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга - уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик ёки хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш бўйича фуқароларга – энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга — бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик бўйича маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин такрор содир этганлик фуқароларга – энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

“Ўзагроинспекция”нинг Самарқанд вилояти бошқармаси ахборот хизмати.