Тойлоқликлар боғ ва ток қатор ораларидан қандай фойдаланяпти?
Тойлоқ туманида жами 598 та фермер хўжалиги 12 минг 299 гектар майдонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб келяпти.
Мазкур фермер хўжаликлари тасарруфида 2618 гектар токзор, 881 гектар боғ, 465 гектар тутзор мавжуд. Яқинда экилган дарахт ва ток кўчатлари ўсиб, тўлиқ ҳосилга кириб, соя солгунга қадар қатор ораларида деҳқонлар турли хил полиз ва сабзавот маҳсулотларини етиштириб, мўмай даромад топяпти.
Хусусан, тумандаги “Эрматов Суюнбой Бобоқулович” фермер хўжалиги аъзолари боғ қатор ораларига экин экиб, уч мартагача ҳосил олиб, ердан самарали фойдаланиб келяпти.
– Тасарруфимиздаги 30 гектар ернинг 15 гектарида боғ яратилган, – дейди фермер хўжалиги раиси Суюнбой Эрматов. – Унинг 2,5 гектари янги боғ. Дарахтлар ҳали кичик бўлгани учун қатор орасида биринчи экин – картошка етиштирдик. Эндиликда иккинчи экин сифатида ловия, карам, пиёз, булғор қалампири, шолғом, сабзи парваришлаяпмиз. Кейин эса кеч кузда тўқсонбости усулида саримсоқпиёз, пиёз ва бошқа экинлар экишни режалаштирганмиз. Ҳар бир қатор 10 сотихни ташкил этади. Ҳар қатордан ўртача 5-6 миллион сўмлик ҳосил олиб, йилига 100 миллион сўмга яқин даромад топяпмиз.
Ҳозирги кунда туманда август, сентябрь ойларида 2025 йил ҳосили учун жами 1283 гектар боғ ва ток қатор ораларига тўқсонбости экин сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғини қадаш режалаштирилган. Шундан, 537 гектарида пиёз, 50 гектар майдонда саримсоқпиёз етиштирилса, 288 гектарида сабзи, 124 гектар майдонда лавлаги шунингдек, 284 гектар ерда кўкатлар экиш режалаштирилган.
Тўлқин СИДДИҚОВ,
Бахтиёр МУСТАНОВ,
Севинч ҒАФФОРОВА.