Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Транспорт вазирлиги «Тошкент–Москва» йўналишидаги мунтазам авиқатновлар ва чипта нархлари юзасидан изоҳ берди

«Тошкент–Москва–Тошкент» йўналиши бўйича 2021 йилнинг апрель ойидан бошлаб, ҳар шанба куни мунтазам авиақатновлар қайта жорий этилгани маълум қилинганди. Мазкур йўналишда мунтазам авиарейслар ва чипта нархлари юзасидан Транспорт вазирлиги изоҳ берди.

Қайд этилишича, айни дамда аҳоли вакилларидан мазкур йўналишдаги мунтазам қатновларга чипталарнинг сотувда қолмаганлиги билан боғлиқ кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Шунингдек, мазкур масала ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Ушбу вазият юзасидан вазирлик қуйидагиларни маълум қилган.

«Айнан Россияга Ўзбекистондан борувчи йўловчилар оқимининг ҳаддан ташқари кўплиги, бугунги эпидемиологик вазият туфайли транспортнинг бошқа турларида қатновларнинг амалга оширилишига рухсат этилмаганлиги, авиақатновлар сонининг ҳам чекланганлиги талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликнинг кескин ортиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Пандемиягача бўлган даврда Ўзбекиcтоннинг турли ҳудудларидан Россия Федерациясига ‘Uzbekistan airways’ авикомпанияси ҳафтасига 87 та рейс бажарган бўлса, Россия авиакомпаниялари мамлакатимизнинг турли шаҳарларига ҳафтасига 97 рейс амалга оширган. Фақатгина авиақатновлар орқали ҳафтасига 40 000 дан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилган.

Бундан ташқари, Тошкент–Москва, Андижон–Москва, Тошкент–Қозон, Тошкент–Волгоград, Тошкент–Саратов, Тошкент–Новосибирск, Тошкент–Уфа, Андижон–Уфа йўналишларида мунтазам равишда ҳафтасига 13 та поезд қатновлари амалга оширилган. Шу билан бирга, Тошкент–Москва, Тошкент–Санкт-Петербург, Тошкент–Қозон, Тошкент–Нижний Новгород, Тошкент–Омск, Тошкент–Новосибирск йўналишларида ҳафтасига 12 маротабадан автобус қатновлари амалга ошириб келинган», дейилади хабарда.

Вазирлик хабарига кўра, айнан юқорида келтириб ўтилган кўрсаткичларнинг ўзи ҳафтасига бор-йўғи бир маротаба амалга оширилаётган мунтазам авиқатновларга чипталарнинг нима учун айни дамда сотувда қолмаганлигига изоҳ бўла олиши мумкин. Турли транспорт қатновларидан фойдаланган йўловчиларнинг барчаси ҳозирда ўрнатилган чеклов чоралари сабаб фақатгина авиқатновлар орқалигина сафарни амалга оширишга мажбур бўлмоқда.

Шунингдек, Транспорт вазирлиги авиачипта нархларини сунъий равишда ошириб сотиш мақсадида «Uzbekistan airways» компанияси агентлари томонидан чипталарни олдиндан сотиб олинганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган даъволар эса мутлақо асоссизлигини қайд этган.  Хусусан, «Uzbekistan airways» авиакомпанияси томонидан айни дамда Тошкент–Москва йўналишида бажарилаётган мунтазам авиақатовлар учун эконом класс чипта нархи бир томонга 4 200 000 сўмгача, бизнес класс чипта нархлари эса 10 736 222 сўмгача сотилмоқда.

Шу ўринда йўловчилардан тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун чипталарни тезлаштириб харид қилиш хизматларини таклиф қилувчи шубҳали шахсларга мурожаат этмаслигини сўраб қоламиз. Чиптада кўрсатилган ва ўзингиз тўлаган нархни таққослашингизни тавсия этамиз.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда Россия Федерациясига Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан чартер қатновлари амалга оширилиши тўғрисидаги ёлғон хабарлар тарқатилиб, фуқароларга алдов ва товламачилик йўли билан чипталар сотувини ташкил этаётган гуруҳларнинг фаоллашгани кузатилган.

Транспорт вазирлиги фуқаролардан бу каби ёлғон хабарларга ишониб, алданиб қолишларининг олдини олиш мақсадида чартер рейсларини амалга оширувчи авикомпанияларнинг парвозни бажаришига рухсат этилгани тўғрисидаги маълумотларни Фуқаро авиацияси агентлиги расмий веб-сайтидан аниқлаштириб олишларини тавсия этган.

Эслатиб ўтамиз, чартер рейслари орқали учиш истагида бўлган йўловчилар РФ ҳукуматининг 2020 йил 16 мартдаги 635-р фармойишига кўра, мамлакатга кириш учун чипта харид қилишда асос бўлиши шарт.

Ҳозирда Транспорт вазирлиги Россия Федерациясининг тегишли вазирлик ва идоралари билан эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда мунтазам авиарейслар сонини кўпайтириш бўйича музокараларни давом эттирмоқда. Барқарор эпидемиологик вазият сақланиб турган тақдирда нафақат авиақатновларни балки темир йўл қатновларини қайта тиклаш бўйича барча чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга вазирлик фуқаролардан мавжуд вазиятга тўғри баҳо беришларига умид қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган нохолис маълумотларга чалғимасликларини сўраган.