Триатлон: Ўзбекистон чемпионлари кимлар бўлди?
“Самарқанд – 2023, триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати” баҳслари якунланди.
Унда 300 нафар иштирокчи стандарт ва супер-спринт масофаларида элита, U-23, 15-17 ёшлар ва 16-19 ёшли ўсмирлар ўртасида триатлон бўйича миллий ва ёшлар терма жамоасига саралаш баҳсларида иштирок этди.
Мусобақа натижасига кўра, U-23 тоифасининг элита дастурида эркаклар ўртасида тошкентлик триатлончи Александр Куришовга тенг келадигани топилмади. Иккинчи ўринни яна бир тошкентлик триатлончи Юрий Галушко ва учинчи ўринни фарғоналик спортчи Зоҳид Адҳамов қўлга киритди. Аёллар баҳсида маррага биринчи Алина Ҳакимова, иккинчи наманганлик Ойдин Икромова етиб келди.
U-23 баҳсининг олимпия йўналишида қашқадарёлик спортчи Арслон Турсунов ғолиб бўлди. Иккинчи бўлиб маррага тошкентлик спортчи Камрон Ходжаев, учинчи бўлиб Қорақалпоғистон Республикаси вакили Дилшод Рўзметов етиб келди. Аёллар баҳсида Тошкент вилояти вакиласи Муслима Жумабоева биринчи, қашқадарёлик спортчи Малика Тошпўлатова иккинчи бўлди.
15-17 ёш тоифасида эркаклар ўртасида биринчи ўрин тошкентлик триатлончи Игор Игоровга насиб этди. Иккинчи ва учинчи ўринларни андижонлик спортчилар Азизилло Абдулходиев ва Муҳаммадюсуф Абдухалиловлар қўлга киритди. Аёллар баҳсида тошкентлик спортчилар Диана Бектемирова ҳамда Даяна Лукиенко биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган бўлса, қашқадарёлик Надежда Трошина учинчи ўринни банд этди.
16-19 ёш тоифасида эркаклар ўртасида тошкентлик спортчилар Султон Алиев, Абдуллажон Қорабоев ва Икромхон Умаров марра чизиғини кетма-кетликда босиб ўтди. Аёллар беллашувида Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилган Дилнура Холниёзова биринчиликни қўлга киритди. Кейинги ўринларни қашқадарёлик Элнора Ҳақназарова ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси вакиласи Машҳура Юсупбоева банд қилди.
Шунингдек, чемпионат давомида ҳавоскор триатлончилар турли ёш тоифасида жамоавий ва яккалик баҳсларида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритди.
Чемпионатнинг тақдирлаш маросимида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, Халқаро триатлон федерацияси президенти Марисол Касадо, Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов иштирок этиб, мусобақа ғолибларига диплом, пул мукофоти ва эсдалик совғаларини топширди. Самарқандда халқаро мусобақа юқори савияда ўтказилганлиги эътироф этилиб, мусобақа ташкилотчиларига миннатдорлик билдирилди.
Фазлиддин Рўзибоев.