Триатлон: Самарқанд уч кун давомида нуфузли спорт мусобақасига мезбонлик қилади
9-10-11 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида триатлон бўйича “2023 Asia Triathlon Cup Samarkand” халқаро мусобақаси ва Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли спорт мусобақасини ўтказишга тайёргарлик қандай? Унда неча давлатдан қанча спортчи қатнашади? Мусобақа ва чемпионатни ҳар томонлама сифатли ўтказиш учун имкониятларимиз қандай? Хавфсизлик-чи?
Вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов ва бошқа мутасаддилар иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида шу каби саволларга жавоб изланди.
- Спортнинг триатлон тури ўта мураккаб ва бундай мусобақани ҳар қандай давлат ҳам ўтказа олмайди, - дейди Р.Қобилов. - Самарқанд шаҳрида эса триатлон халқаро мусобақасини ўтказиш учун барча шароит ва имкониятлар бор. Энг муҳими, ҳудудимизда халқаро сузиш талабларига жавоб берувчи эшкак эшиш канали мавжуд. Шу боис 9 июнь куни Ўзбекистон тарихида илк бор «Пара-триатлон бўйича Самарқанд – 2023 Осиё чемпионати» бўлиб ўтади. Унда дунё давлатларидан 80 та пара-спортчи иштироки режалаштирилган. Пара-спортчилар SPRINT масофасида (750 метр сузиш, 20 километр велосипедда ҳаракатланиш, 5 километр югуриш) ўзаро рақобатлашади.
10 июнь куни «Самарқанд – 2023 Осиё триатлон кубоги» бўлиб ўтади. унда дунёнинг энг яхши спортчилари: 50 нафар аёл ва 50 нафар эркак иштирок этади. Шу куни Осиё кубоги доирасида Марказий Осиё спортчилари ўртасида (CАТА – Central Аsia триатлон Association) алоҳида мусобақа ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
11 июнь куни «Самарқанд – 2023, триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати» бўлиб ўтади. Унда STANDART ва SUPER SPRINT масофаларида Elite, U23, 15-17 ёшлар ва 16-19 ёшли ўсмирлар ўртасида триатлон бўйича миллий ва ёшлар терма жамоасига саралаш ўтказилади. Шунингдек, шу куни шахсий ва жамоавий мусобақаларда профессионаллар тоифасига кирмаган, 300 нафар ҳаваскор триатлончилар иштирок этади. Ушбу мусобака икки масофада ўтказилади: Олимпия (1500 метр сузиш, 40 километр велосипедда ҳаракатланиш, 10 километр югуриш) ва Супер-спринт (350 метр сузиш, 13 километр велосипедда ҳаракатланиш, 3 километр югуриш).
Мусобақанинг асосий қисми Самарқанд эшкак эшиш канали ҳудуди - "Буюк ипак йўли" халқаро сайёҳлик мажмуасида бўлиб ўтади. Аммо триатлоннинг велосипедда ҳаракатланиш қисми Самарқанд шаҳри бўйлаб ўтказилади. Бунинг учун шаҳар ва унга туташ Самарқанд тумани ҳудудидаги йўллар вақти-вақти билан ёпилади. Спортчилар ва томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ички ишлар органлари, миллий гвардия ходимлари ҳамда кўнгилли волонтёрлар хизматидан фойдаланилади.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари саволларига атрофлича жавоб берилди.