Самарқандда 25 дан ортиқ мамлакат триатлончилари беллашади
Шу йилнинг 6, 7 ва 8 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида триатлон бўйича Ўзбекистон чемпионати ҳамда "Challenge Samarkand" халқаро мусобақаси бўлиб ўтади.
Ўзбекистон триатлон федерацияси, Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамда бошқа ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилаётган мусобақага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.
Ўзбекистон триатлон федерацияси бош котиби Елена Кун ушбу мусобақани ўтказишдан мақсад ва бу галги турнирнинг аҳамияти ҳақида фикрларини билдирди.
- Триатлон бўйича "Challenge Samarkand" халқаро мусобақасини ўтказишдан асосий мақсад мамлакатимизда ушбу спортнинг оммавийлигини ривожлантириш ва аҳолининг спортга қамровини оширишдан иборат. Биз бутун дунё бўйлаб жуда кўп сонли мухлисларни жалб қиламиз. Ушбу мусобақада ҳар қандай спортчи иштирок этиши мумкин. Биз уларга ёрдам берамиз, қўллаб-қувватлаймиз, йўл кўрсатамиз ҳамда мамлакатимизда триатлон спортини ривожлантириш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз ва оммалаштирамиз.
Самарқанд эшкак эшиш канали дунёдаги энг яхши учта каналлардан бири. Май ойида ушбу жойда жаҳон кубогини ўтказган эдик ва жаҳон триатлонида бизнинг жойлашувимиз бундай тадбирларни ўтказиш учун энг яхши жойлардан бири сифатида қайд этилди.
Биз ушбу нуфузли мусобақани ташкил этиш орқали туризмни ва айнан спорт туризмини ривожлантиришга ҳаракат қиляпмиз. Чунки ҳар бир иштирокчи, ёлғиз эмас, оиласи ва дўстлари билан келади, уларнинг барчаси Ўзбекистон тарихи ва маданияти билан яқиндан танишади. Мусобақадан сўнг иштирокчилар, албатта, кўҳна кентдаги қадимий обида ва ёдгорликларимиз, меъморчилик, урф-одатларимиз билан танишади.
Мусобақада 25 дан ортиқ мамлакатдан 2 мингдан зиёд триатлончи иштирок этиши кутилмоқда. Уларнинг 15 нафари жаҳон тоифасидаги профессионал спортчилар, жумладан, норвегиялик Кристиан Блумменфелт, Густав Эден, германиялик Рико Боген, Дания вакили Лаура Мадсен ва бошқа таниқли триатлончилар иштирок этади.
Триатлон бўйича миллий чемпионат ҳам ташкил этяпмиз. Унда энг кучли спортчилар аниқланади ва терма жамоа шакллантирилади. Аёллар ўртасидаги мусобақада самарқандлик Алина Ҳакимова ўрта масофада қатнашади.
Фазлиддин Рўзибоев.