Олийгоҳларда иш бошлаётган “Tyutor”лар ким? Улар нима иш қилади?
“Tyutor” сўзи лотинча “Tutorem” - устоз, мураббий. Баъзи ҳолларда маъруза ўқитувчиси билан тингловчи орасидаги боғловчи, яъни маърузачи томонидан берилган билимларни кенг эгаллашда маслаҳатчи ва устоз вазифасини бажаради.
Бу сўз ўзбек тилининг изоҳли луғатига киритилмаган. Шунга қарамай янги термин сифатида нафақат тилимизда, балки олий таълимда маълум бир лавозим сифатида қўлланмоқда.
Ҳукуматнинг тегишли қарори билан 2021 йил 1 сентябрдан талабалар билан ишлаш бўйича “гуруҳ мураббийи” институти бекор қилинди ва 1-3-курс талабалари учун муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатувчи “Tyutor”ларни бириктириш амалиёти йўлга қўйилди. Ҳужжатга мувофиқ, ҳар 120-150 нафар талабага 1 та штат бирлиги ҳисобида “Tyutor” лавозими киритилди.
“Tyutor”нинг асосий вазифаси — таълим ва тарбия жараёнини самарали ташкил этишда университет ва талабалар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, талабаларнинг университет ҳаёти ва таълим жараёнига мослашишига кўмаклашиш, уларга услубий, ижтимоий ва психологик ёрдам кўрсатиш ва талабаларда танлаган касбига меҳрни оширишдир. Шу билан бирга, улар йигит-қизларнинг дарс машғулотларини мунтазам таҳлил қилиб боради ва сифатини оширади, уларнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказишини таъминлайди ҳамда ижтимоий аҳволидан доимий хабардор бўлиб туради.
Хўш, “Tyutor” сўзи тилда салбийликни келтириб чиқарадими, йўқми? Албатта, келтириб чиқаради. Масалан, ўзбекча сўз ўрнини хорижий сўз эгаллайди, “устоз”, “мураббий” сўзлари кам талаффуз қилинади ва “Tyutor” сўзининг қўлланилиш кўлами кенгаяди. Натижада, бу ўзбекча сўзларнинг йўқолишига ва қадрсизланишига сабаб бўлади.
Шунинг учун “Tyutor” ўрнига барча учун тушунарли бўлган тарбиячи, маърифат тарғиботчиси сингари сўзлар қўлланса, мақсадга мувофиқ бўлади. Мазмунан бу сўзларни “Tyutor” термини ўрнида қўлласа бўлади. Борди-ю бу сўз тилимизда доимий ишлатиладиган термин сифатида қўлланса, аввало, уни ўзбек тилининг изоҳли луғатига киритиш ва синонимлари билан бирга қўллаш лозим.
Сиз нима дейсиз?
Фазлиддин Рўзибоев.