У ҳаётининг ҳар бир дақиқасини эслайди: Америкалик аёл олимларга кам учрайдиган касалликни аниқлашга ёрдам берди
Ҳар йили олимлар томонидан янгидан-янги касалликлар кашф этилади ва албатта уларга даво топиш учун бу касалликлар ўрганилади. Бугунги мақолада тиббиёт тарихида биринчи марта “фавқулодда автобиографик хотира” ёки “HSAM” ташхиси қўйилган америкалик аёл ҳақида тўхталамиз.
Оддий болалик
Жилл Прайс 1965 йилнинг 30 декабрида Нью-Йоркда туғилган. У саккиз ярим ёшга тўлганида, отаси Лос-Анжелесдаги «Columbia PicturesTelevision» компаниясига ишлаш таклиф қилинади ва оила Лос-Анжелесга кўчиб ўтади. Унинг сўзларига кўра, айнан шу куни, унинг “мияси синган”.
Хотиралар юки
Жилл Прайс HSAM деб номланувчи касаллик ташхиси қўйилган биринчи одам бўлди. Бугунги кунда сайёрамизда яна 60 киши бундай кам учрайдиган касалликдан азият чекади. Бу одамлар ўтмиш ҳаётларининг аксарият кунларини биз яқин кунларни эслаганимиздек аниқ эслай олишади.
Прайс қайси сана бўлмасин, ҳафтанинг қайси куни бўлгани, ўша кун у қаерда бўлгани, нима билан шуғуллангани ва ёнида ким бўлганини айта олади. У ҳатто 20 йил олдинги хотираларини икки кун олдингидек осонлик билан батафсил эслайди.
- Менинг хотираларим ҳаётимнинг ҳар бир кунидаги видеофильм лавҳаларига ўхшайди, - деб ёзади у. - Бу лавҳалар ҳар доим хаёлимда ёқилиб, мени осонлик билан ўша лаҳзаларга олиб боради.
Прайснинг айтишича, доимо шай ҳолатда турган ҳаддан ташқари кўп хотиралар одамни ақлдан оздириши мумкин.
Камдан кам учрайдиган касаллик
Бу оғиш Калифорния университети профессори, ўнлаб йиллар давомида инсон миясини ўрганиб келган, 500 дан ортиқ илмий тадқиқотларни нашр этган нейробиолог Жеймс Макгауни қизиқтирди. Прайс у билан учрашганида 34 ёшда эди.
Бироқ, Жилл билан учрашгандан сўнг, ҳеч қачон бундай аломатларни кузатмаган фан машъали саросимага тушди. Макгау тез орада Прайс хотираси чуқурлиги ва кўламини аниқлаш мақсадида нейропсихолог ва неврологлардан иборат гуруҳ тузди. Улар Прайснинг хотира қобилияти харитасини тузиб, натижаларни таҳлил қилишuа киришди.
Кейинги беш йил давомида Прайс хотира, IQ ва ўрганувчанлик даражасининг стандартлаштирилган тестлари, шунингдек, яна бир қатор махсус ишлаб чиқилган тестларни топширди.
Мия номли жумбоқ
Ўн икки йил ўтгач, шифокорлар Жилл мияси қандай ишлаши ечимига бироз яқинлашгандек бўлди. Ўша вақтга келиб, шунга ўхшаш аномалликларга эга яна бир нечта одам топилди.
Аммо бу натижаларнинг ҳеч бири HSAM билан касалланган одамлар қандай қилиб шунчалик кўп нарсани эслаб қолишга имкон берадиган нарсаларни тўлиқ тушунтириб бера олмади.
Бугунги кунда Жилл Прайс ва унга ўхшаш беморлар ушбу касаллик билан яшашда давом этмоқдалар. Маблағ етишмаслиги сабабли унинг хотираси бўйича тадқиқотлар тўхтатилди. Олимлар энди илм-фанни молиялаштириш оммабоп эмаслигидан афсусда.
Америкалик аёл ҳақиқатдан чиқиб кетмасликка муваффақ бўлганлиги ҳақида китоб ёза бошлади.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.