“У сизларни ердан пайдо этиб, сизларни уни обод этувчи қилди”

Муқаддас динимизнинг мўътабар манбаларида инсонларни боғлар яратишга, экин экишга, ободончилик қилишга тарғиб қилган. Ушбу амалларга Яратганнинг улуғ мукофати борлигини ҳам маълум қилган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини мазкур савобли амалларга тарғиб қилиб: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон танавул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур” деб, марҳамат қилганлар.

Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир мусулмон бир дарахт ўтқазса ёки бир экин экса ва унинг мевасидан инсон ё қуш ёки ҳайвон еса, унга садақанинг савоби бордир”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Шу ўринда қуйидаги ривоятни айтиб ўтишлик ўринли бўлади:

Бир подшоҳ вазири билан сайрга чиқиб бир қишлоқдан ўтиб борар экан, боғида ишлаётган қари чолни кўрди. Чол қариб қолганига қарамай меҳнат қилиб дарахт кўчатларини экаётган экан. Чолнинг бундай меҳнат қилиши подшоҳга жуда ёқди. Подшоҳ вазирига шу чол билан бироз суҳбатлашайлик, дея унинг олдига келди.

Подшоҳ: “Ҳорманг ота, нима қиляпсиз?”, деди.

Чол: “Саломат бўлинг, шоҳим. Мевали дарахт экяпман”, деди.

Подшоҳ: “Отахон, буларнинг меваларини ейиш сизга насиб этармикан, ахир сиз қариган бўлсангиз, бу дарахтлар кўп йиллардан сўнг ҳосил беради-ку?”, деди.

Чол: “Буларни ейиш менга насиб этмаса керак”, деб жавоб берди.

Подшоҳ: “У ҳолда нега ўзингизни бунчалар қийнаб меҳнат қилиб дарахт экяпсиз? Ўзингиз мевасини татиб кўрмаслигингизни била туриб дарахт экяпсиз-а?”, деб сўради.

Чол: “Подшоҳим, биздан олдинги ота-боболаримиз экдилар, биз едик. Энди биз ҳам экамиз ва биздан кейингилар ейишсин”, деди.

Бу жавоб подшоҳга маъқул бўлди ва чолга бир ҳамён олтин берди. Чол олтинларни олиб: “Аллоҳга шукурлар бўлсинки, бизнинг дарахтимиз бугуннинг ўзида ҳосил берди”, деди.

Бу жавоб подшоҳга ёқди ва чолга яна бир ҳамён олтин берди. 

Чол: “Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ҳамма дарахтлар бир йилда бир маротаба ҳосил берса, менинг эккан дарахтим икки маротаба ҳосил беради”, деди.

Подшоҳ ўз йўлида давом этди. Чол жуда хурсанд бўлиб, қўлини дуога очди: “Ё Роббим, сен буюксан мен вақтимни бекор ўтказмай сенинг розилигинг учун дарахт экаман”, деди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) шундай деганлар: “Қиёмат куни бўлса ҳам қўлида бир ниҳол бор одам уни эксин”.

Динимиз кўрсатмаларида ер юзини обод қилиш, ундан унумли фойдаланишга тарғиб этилиб, қаровсиз ҳолда ташлаб қўйилишига салбий муносабат билдирилади. Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким Аллоҳга ишониб, савоб умидида қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, деганлар (Табароний ривояти).

Маълумки, бугунги кунда аҳолининг бандлиги, айниқса қишлоқ жойларда иш масаласи қийин экани ҳеч кимга сир эмас. Президентимиз бошлаб берган очиқлик сиёсати туфайли бу муаммолар аста-секин ўз ечимини топмоқда.

Сўнги вақтларда фуқаролар, тадбиркорлар, фермерларнинг ерлари олиб қўйилиши ҳамда бошқа бировга сотиб юборилиш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу эса, аҳолини тадбиркор ва фермерларни эътирозларига сабаб бўлмоқда эди.

Ер майдонларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони имзоланди.

Ислом шариъатида ҳам ерга бўлган муносабатлар, унга эгалиқ қилиш ҳуқуқи, обод этиш каби масалалар аниқ ёритилган. Жумладан, Ҳадиси шарифларда шундай дейилади:

“Ойша разияллоҳу анҳо Набий саллоллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадисларида: “Ким бировники бўлмаган ерни обод қилса, (ўша ерга) энг ҳақли киши ўшадир” , дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Саид ибн Зайид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бирон-бир ўлик ерни тирилтирса, у унинг учундир. Золимнинг томири учун бирон-бир ҳақ йўқ” (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

Рофиъе ибн Ходиж разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир қавмнинг ерида уларнинг рухсатисиз зироат қилса, у одамга зироатдан бирор нарса бўлмайди ва унга унинг нафақаси бордир” (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ бизларга неъмат қилиб берган ерни асраб-авайлаш, уни муҳофаза қилиш, ташландиқ ва қаровсизликка айланиб қолишига йўл қўймаслик ҳар бир кишининг инсонийлик бурчидир. 

Ўз навбатида, давлатимиз раҳбарининг мазкур фармони ер муносабатларини ҳар қандай кўринишини тартибга солишда шаффофликни ва адолатни таъминлашга хизмат қилади.

Зайниддин Эшонқулов,

Самарқанд вилоят бош имом-хатиби.