Уч ойда 4,2 миллиард сўм имтиёзли кредит мақсадсиз ишлатилган

Жорий йилнинг дастлабки 4 ойида Самарқанд вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва хотин-қизлар ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун «Агробанк», Халқ банки ва «Микрокредитбанк» вилоят филиаллари томонидан 10 959 та лойиҳага 274,5 миллиард сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Тадбиркорларга ушбу кредитларнинг 26 фоизи ёки 730 та лойиҳага 70,2 миллиард сўм ажратилган. Шунингдек, 3,9 миллиард сўм “Темир дафтар”даги 277 оилага, 32,3 миллиард сўм “Аёллар дафтари”даги 2 007 оилага, 28 миллиард сўм “Ёшлар дафтари”даги 1 403 оилага ажратилган.

Марказий банк вилоят бош бошқармаси томонидан йилнинг 1-чорагида 1 984 ташаббускорга ажратилган 47,3 миллиард сўм имтиёзли кредит бўйича мониторинг ва ўрганишлар олиб борилди. Ўрганишларга кўра, 221 нафар жисмоний шахсга ажратилган 4,2 миллиард сўм ҳамда 22 та тадбиркорлик субъектига ажратилган 995 миллион сўм имтиёзли кредит мақсадсиз ишлатилган. Бу ўрганилган имтиёзли кредитларнинг ўртача 11 фоизини ташкил этмоқда.

Мақсадсизлиги аниқланган кредитлар Булунғур туманида 67 та лойиҳа бўйича 1 144 миллион сўмни (ўрганилган кредитларнинг 26 фоизи), Оқдарё туманида 41 та лойиҳа бўйича 942 миллион сўмни (42 фоизи), Пахтачи туманида 24 та лойиҳа бўйича 516 миллион сўмни (14 фоизи) ташкил этмоқда. Мисол учун, Оқдарё туманидаги оилавий корхонага автомобилларга техник хизмат кўрсатиш ускуналари сотиб олиш учун 200 миллион сўм кредит ажратилган. Ушбу маблағ мониторинг қилинганда ускуналар йўқлиги, кредит мақсадсиз ишлатилганлиги бўйича корхона раҳбари изоҳ беришдан бош тортди.

Тумандаги Янгиқўрғон маҳалласида мебель ишлаб чиқариш учун ажратилган 30 миллион сўм кредит мониторинг қилинганда ижара шартномаси тузилмаган бошқа манзилдаги мебел ишлаб чиқариш жойи кўрсатилган. Арпа маҳалласида паррандачилик учун 20 миллион сўм кредит олиб товуқхона қурмаган, фуқаронинг парранда боқиш учун шароити ҳам йўқ, парранда олиб келинмасдан маблағ мақсадсиз ишлатилган. 

Каттақўрғон тумани Баланд чордара маҳалласида яшовчи фуқарога сартарошхона жиҳозлари сотиб олиш учун ажратилган 15 миллион сўм ҳисобига ҳеч иш қилинмаган. Шу маҳаллада яшовчи фуқарога тикув машиналари харид қилиш учун ажратилган 30 миллион сўм маблағ эвазига ҳеч қандай тикув машиналари сотиб олинмаган. 

Паст Дарғом тумани Балхиён маҳалласида яшовчи фуқарога паррандачилик учун 20 миллион сўм кредит маблағи ажратилган. Бироқ маблағ мониторинг қилинганда парранда олиб келинмасдан кредит мақсадсиз сарфланганлиги маълум бўлди. 

Пахтачи тумани Зиёвуддин шаҳарчасида яшовчи фуқарога тикувчилик учун 30 миллион сўм кредит ажратилган, лекин бу фаолият билан шуғулланилмаган. Тумандаги Жаҳонобод маҳалласида яшовчи фуқарога мотокультуватор учун 16,5 миллион сўм кредит ажратилган бўлса-да, мотокультуватор олиниб, сотиб юборилган. Тумандаги Наҳрипай маҳалласида истиқомат қилувчи фуқарога иссиқхона учун 30 миллион сўм, Мирзо Улуғбек маҳалласида яшовчи фуқарога 27 миллион сўм кредит ажратилган, лекин хақиқатда иссиқхоналар қурилмаган.

Булунғур тумани Будана маҳалласида тикув машиналари хариди учун 25 миллион сўм, Авлиё пари маҳалласида истиқомат қилувчи фуқарога 20 миллион сўм кредит ажратилган, лекин тикув машиналари сотиб олинмаган. Тумандаги Зарафшон, Боғбон, Самарқанд маҳаллаларида истиқомат қилувчи фуқароларга иссиқхона учун 20 миллион сўмдан кредит ажратилган, лекин кредит ҳисобидан иссиқхона қурилмаган. Каттақишлоқ маҳалласида истиқомат қилувчи фуқарога қуёнчилик учун ажратилган 20 миллион сўм кредит мақсадсиз сарфланган.

Президентимизнинг 2021 йил 27 мартдаги “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарори қабул қилинган. Унга асосан 2021 йилда дастурлар доирасида лойиҳаларни молиялаштиришнинг манбалар кесимидаги мақсадли параметрларга кўра ажратилиши белгиланган имтиёзли кредитларнинг 45 фоизи аввал ажратилган кредитларнинг сўндирилиши ҳисобидан ажратилиши белгиланган.

Қарорга асосан дафтарларга киритилган фуқароларга ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш тижорат банклари билан бирга туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар ишлари агентлигининг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда сектор раҳбарлари, шунингдек, маҳалла фуқаролар йиғини раислари зиммасига юклатилади.

 Шундай бўлса-да, ўтган йилларда молиялаштирилиб ўз вақтида қайтарилмаётган қарздорликлар тижорат банклари учун муаммо бўлмоқда. Мисол учун, жорий йил 1 май ҳолатига вилоят бўйича 32 миллиард сўм муддатида тўланмай қолаётган кредит қолдиғи бор. Бу кредитларни ўртача 25-30 миллион сўмдан ҳисоблаганда, қарийб 1 200 нафар кредит олиш учун навбатдаги талабгорларнинг талаби қондирилишига салбий таъсир кўрсатади. Муддати ўтган қарздорликлар салмоғи айниқса Пайариқ (5,1 миллиард сўм), Паст Дарғом (3,1 миллиард сўм), Оқдарё (1 миллиард сўм) туманларида юқорилигича қолмоқда. 

Марказий банк вилоят бош бошқармаси ахборот хизмати.