Улуғбек астрономия академияси

Мирзо Улуғбекнинг Самарқанд шаҳрининг Чўпон-ота (Кўҳак) тепалиги ёнида барпо этган расадхонани қандай қурнгани кўпчиликни қизиқтиради, албатта. Қуйида шу ҳақда сўз юритамиз.

Самарқандда 1420 йилда Улуғбек иштирокида ўқув юрти тантанали равишда очилади. Мадрасада дарс бериш учун Улуғбек олимларни таклиф қилади. Танлов асосида ишга қабул қилинганлар орасида буюк олимлар – Жамшид ал-Коший, Қозизода ар-Румий, Али Қушчи, Муйиниддин ал-Коший ва бошқалар бор эди.

Мадрасага асос солингач, тўрт йилдан кейин Мирзо Улуғбек олимлар билан маслаҳатлашиб, Самарқандда Оби-Раҳмат ариғи яқинида жойлашган Кўҳак тепалиги ёнидан расадхона биносини қуришга қарор қилади. Расадхона биноси қурилиши ишларига Улуғбек раҳбарлик қилади. Бинони уч қаватдан, асосининг диаметри 42 метр ва баландлиги 31 метр цилиндр шаклида қуриш режалаштирилади. Унга керакли асбобларни усталар моҳир устоз-механик Ғиёсиддин Жамшид раҳбарлигида ясайдилар.

Улуғбек астрономия-математика илмий мактаби Ўрта Осиё илмининг анъанаси ва шу илм вакилларининг муваффақиятлари асосида вужудга келади.

Улуғбек ҳаётлиги вақтида Самарқандга ташриф буюрган ва расадхонани зиёрат қилган тарихчи Абд-ар-Раззоқнинг ёзишича, расадхона биносида тўққиз осмон нусхаси, етти доира шакли, етти сайёра эпицикллари, бурчлар хариталари, градусларга, минутларга, секундларга бўлинган ва улар олтмишлик улушларини кўрсатувчи асбоб, тоғ, денгиз, дарё ва водийлар акс этган Ер шари глобуси бўлган.

Улуғбек расадхонасининг асосий асбоби секстант (баъзи манбаларда – квадрант) бўлиб, у танланган жойнинг меридиани бўйлаб ўрнатилган. Расадхонадаги асбоблар ўзларининг жуда катта ўлчовлари билан кишини ҳайратга солган. Бу эса кузатувлар аниқлигини катталаштириш учун муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Жўрақул ҚАЮМОВ,

физика-математика фанлари номзоди, доцент.