Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ургут ҳамда республикамиздаги яна 13 та туманда ҳуқуқий эксперимент тариқасида “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади

“Маҳалла бюджети” тизимини жорий этиш орқали маҳаллаларнинг молиявий имкониятини янада кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2023 йил 1 январдан қуйидаги жадвалда кўрсатилган ва солиқларни ундириш кўрсаткичи паст бўлган туманларда “Маҳалла бюджети” тизими ҳуқуқий эксперимент тариқасида жорий этилади:

Қорақалпоғистон — Беруний тумани;
Андижон — Андижон тумани;
Бухоро — Олот тумани;
Жиззах — Зомин тумани;
Қашқадарё — Қарши тумани;
Навоий — Кармана тумани;
Наманган — Уйчи тумани;
Самарқанд — Ургут тумани;
Сурхондарё — Жарқўрғон тумани;
Сирдарё — Сайхунобод тумани;
Тошкент вилояти — Бўка тумани;
Фарғона — Бағдод тумани;
Хоразм — Боғот тумани;
Тошкент шаҳри — Учтепа тумани.

Мазкур туманларда мол-мулк ва ер солиғи (нотурар жойлар бўйича мол-мулк ва ер солиғи бундан мустасно) бўйича ундирилган маблағларнинг 10 фоизи туман бюджетлари орқали тегишли Жамғармаларга йўналтирилади.

2023 йил 1 мартгача мол-мулк ва ер солиғи бўйича ҳисобланган, тўланган маблағлар ва солиқ қарздорликлари тўғрисидаги маълумотлардан маҳаллалар реал вақт режимида фойдаланиши имконияти яратилади.

“Маҳалла бюджети” тизими асосида шакллантирилган маблағлар “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Қонунда назарда тутилган фуқаролар йиғини кенгаши томонидан бошқарилади.