Ургутда содир бўлган мудҳиш ЙТҲда 4 фуқаро ҳалок бўлди

Кеча, 8 июнь куни соат 19:30 ларда Ургут тумани Омонқўтон маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобил йўлининг 1121-километридa ҳайдовчи ўзининг бошқарувида бўлган “Cobalt” русумли автомашинада “Ургут-Қарши” йўналиши бўйлаб келаётганида бошқарувини йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши томонидан ҳаракатланиб келаётган “Камаз” русумли юк автомашинаси билан тўқнашиб кетган.

Мазкур йўл транспорт ҳодисасида "Cobalt" русумли автомашина ҳайдовчиси ва 3 нафар йўловчи олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида ҳалок бўлган.

Шунингдек, “Камаз” русумли автомашинаси ҳайдовчиси Ургут туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилиб, унга шифокорлар томонидан тез тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Вилоят ИИБ ахборот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Шу ўринда ҳайдовчилардан автоуловни бошқаришда тезликни оширмаслик, йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя қилишларини сўраб қоламиз. Ёдда тутинг, бу аввало, ўзингизнинг, шу билан бирга йўловчилар ва оилангизнинг хавфсизлиги, дегани.