Ургутдаги Қулдортепада Хан сулоласи ойнаси ва Уккурт Чамук тангаси топилди

Олиб борилган археологик қазишма ишлари натижасида ибодатхона қолдиқлари, деворий суратлар, арчадан ясалган устун, қадимий ойна ва тангалар топилди.

- Қулдортепа ёдгорлиги қадимда Хитой манбаларида Ми ёки Мимохе, араб-форс манбаларида эса Маймурғ номи билан тилга олинган рустоқ марказ сифатида маълум бўлган, - дейди Самарқанд археология институти директори Мўминхон Саидов. - Сўнгги йилларда ёдгорликда Ўзбекистон, Япония ва Германия олимларининг ҳамкорликда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида илк ўрта асрларга оид ибодатхонанинг сиғиниш хонаси, устунли айвон ва йўлакли хоналар ўрни очиб ўрганилди.

 Энг муҳим топилмалардан бири ибодатхонанинг олдинги қурилиш даврига оид хона деворларида сақланиб қолган суратлардир. Оқ фон устига қизил ва қора рангда ишланган бу тасвирларда геометрик нақшли фриз безаклари яққол кўзга ташланади. Шунингдек, ибодатхонадан узунлиги 4,75 метрли арча устун, Хитойнинг Хан сулоласи даврида ишлаб чиқилган ойна ҳамда Суғд ҳукмдори Уккурт Чамук тангалари аниқланди.

Айни пайтда Самарқанд археология институти мутахассислари томонидан топилган деворий суратларни консервация ва реставрация қилиш ишлари олиб борилмоқда. Тадқиқотчилар фикрича, Қулдортепа топилмалари илк ўрта асрларда Суғдда кечган диний жараёнлар, меъморчилик ва маданий анъаналар ҳақида янги ва муҳим маълумотлар беряпти.