Ургутлик тиббиёт ходимларига 32 миллион 360 минг сўмлик қўшимча тўлов тўланиши таъминланди
Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида тумандаги тиббиёт ва санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилиш белгиланган эди.
Бўлимимиз ходимлари вилоят адлия бошқармасининг топшириғига асосан туман тиббиёт бирлашмаси ва санитария-эпидемологик осойишталик марказида мазкур қўшимча тўловларнинг ўз вақтида тўлаб берилиши юзасидан мониторинг ўтказди.
Мониторинг давомида туман тиббиёт бирлашмасидан коронавирус касаллигини тарқалишига қарши курашга жалб қилинган ходимларнинг лавозим маошига ҳар кунлик ҳисобланган 6 фоиз миқдоридаги тўловлар учун дастлаб 12 миллион сўм тўлаб берилган. Аммо кейин берилган буюртмага кўра, 32 нафар ходимга ҳисобланган 32 миллион 360 минг сўм 6 фоизли қўшимча тўлов маблағ келиб тушмаганлиги сабабли тўлаб берилмагани аниқланди.
Натижада 2020 йил 13 июнь куни Ургут тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғига қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи ҳолатларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди ва ушбу сумма тўлиқ тўлаб берилиши таъминланди.
Шуҳрат Аҳмедов,
Ургут тумани адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси.