Ургутнинг чекка маҳалласидаги мактабга ичимлик сув тармоғи тортилди

Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимовнинг жорий йил май ойида Ургут туманининг Мирзобоғлон-Чеп маҳалласига ташрифида “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖга маҳалла аҳолисининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини ўрганиб чиқиб, масаланинг ечими юзасидан таклифлар киритиш, ҳудудда жойлашган 74-умумий ўрта таълим мактабига ичимлик сув тармоғини ўтказиш топшириғини берган эди.

Айни кунларда маҳаллий маблағлар ҳисобидан Мирзобоғлон-Чеп маҳалласида яшовчи аҳолини ичимлик суви билан таъминлайдиган янги артезиан қудуғини ковлаш ишлари 60 фоиз бажарилди. Маҳалладаги 74-мактаб биносида ичимлик сув тармоғи тортилди. Ҳудудда янги трансформатор ва сув минораси ўрнатилмоқда. Ушбу ишлар натижасида 765 нафар аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Тармоқ тортиш ишлари аҳоли кўмагида, ҳашар йўли билан бажарилмоқда.

“Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ матбуот хизмати.