Ургутнинг “янги бозор”идаги “эски бозор” эслатмалари

Бугунги кунда Ургут туманидаги “Ургут савдо комлекси” масъулияти чекланган жамияти бутун Республикамизда донғи кетган йирик савдо марказларидан биридир. Мажмуага яқинлашавериш билан автомобилларнинг тарбандлигига дуч келасиз. Ободонлаштириш ишлари ҳам кўнгилдагидек эмас. Бу кўп йиллик тарихга эга бўлган Ургут бозорининг замонавий кўриниши. Бир пайтлар туман марказида жойлашган мажмуа тирбандликларга сабаб бўлавергач марказдан четроққа кўчирилди. Замонавий савдо дўконларидан иборат янги савдо мажмуаси бунёд этилди. Тўғри, бозор ўз номи билан бозор, аммо...

Мажмуа дарвозасида эса сизни яна-да кўпроқ тартибсизликлар қарши олади. Савдо мажмуасининг ички қисмида аслида харидорларнинг эркин ҳаракат қилиши, фавқулодда вазият содир бўлганда қутқарув машиналарининг, масалан, ёнғин ўчириш машинасининг бемалол ҳаракатланиши учун барпо этилган эни 8 метрлик марказий йўллар, қолаверса, секторлар оралиғидаги эни 6 метрлик йўлаклар бугунги кунда уддабурон тадбиркорлар томонидан ўрнатилган қўлбола пештахталар билан тўлиб тошган. Бу йўлакларда ўт ўчириш машинаси тугул пиёдалар зўрға ҳаракатланади.

Шунингдек, айрим тадбиркорлар томонидан эгалланган савдо дўконларга ўзгартишлар киритилган. Бири дўкон устига қўшимча иморат қилиб ўзбошимчалик билан икки қаватли бинога айлантириб олган бўлса, бошқаси ертўла қазиб дўкони фаолиятини кенгайтиришга уринган. Мажмуа марказида харидорлар дам олиши ва салқин ичимлик ичиши учун ажратилган ҳудуд ҳам ачинарли аҳволда. Қурилмай қолган фавворалар ўрни чиқиндилар билан тўла. Музқаймоқ ва салқин ичимликлар учун қурилган павильон эса бошқа савдо товарлари билан банд.

Ана шунақа, Ургутнинг “янги бозор”ида тадбиркорлар ва харидорларга кўплаб имониятлар яратилмоқда, янгиликлар талайгина, аммо “эски бозор”ни эслатувчи  ҳолатлар ҳам учраб туради.

Тўлқин СИДДИҚОВ.