Уруш чўзиладиган кўринади — бугун Донбасс учун зиддиятнинг янги босқичи бошлангани айтилмоқда

Кечки видеомурожаатида Владимир Зеленский уруш бошланганининг 54-кун якунларига кўра, Россия Украина шарқида кенг кўламли ҳужум бошлаганини маълум қилди.

"Энди шуни айтиш мумкинки, рус қўшинлари узоқ вақтдан бери тайёргарлик кўрган Донбасс учун жанг бошлади. Россия армиясининг жуда муҳим қисми ҳозир ушбу ҳужумга жамланган. У ерга қанча аскар йўналтирилмасин, биз жанг қиламиз" деган у.

Украина президент девони ва Миллий хавфсизлик кенгаши россияликларнинг Луганск ва Донецк вилоятларидаги барча алоқа чизиғи бўйлаб мудофаани ёриб ўтишга уринишлари ҳақида гапирмоқда.

Ҳарбий ҳаракатлар натижасида қарийб 100 миллиард долларлик инфратузилманинг 20-30 фоизгача қисми шикастланган ёки вайрон қилинган, дея хабар беради «Reuters» Украина инфратузилма вазирига таяниб.

Украина бош прокуратураси: Харьковга янги зарба қилинди, дастлабки маълумотларга кўра, уч киши ҳалок бўлди, Львов ва Днепр ҳам ўққа тутилди.

Украина бош вазири ўринбосари Ирина Верешчук Россия ҳукуматига «Азовсталь» ҳудудидан шошилинч гуманитар коридор очиш талаби билан мурожаат қилди.

Унга кўра, 17 апрелдан бери Украина бўйлаб бирорта ҳам гуманитар йўлаклар ишламаяпти.