Уй-жойингиз ноқонуний деб топилиб бузилса, солиқ тўловлари қайтариладими?

Бугун аксарият жойларда бу муаммо бор. Беш-олти йилдан (балки камроқ ёки кўпроқ) буён яшаб келаётган уй-жойи ўзбошимчалик билан қурилганлиги учун бузилмоқда.

Аммо кўпчиликни бир савол қийнаётгани ҳам бор гап. Беш ёки олти йил мобайнида ер солиғини тўлаб келганман, тўланган маблағларим қайтариб бериладими?

Вилоят солиқ бошқармасидан олинган жавобга кўра, уй-жой кадастрнинг базасида бўлса ва солиқ ҳисобланиб, 2020 йил учун тўлов амалга оширилганда уйи мисол учун 1 март куни бузилса, тўлаган солиғи 12 га бўлиниб 9 ойлик қисми қайтариб берилади.

Албатта, бу борада ҳам муайян тартибларга амал қилинади.

Хусусан, Солиқ кодексига кўра, солиқ солиш объекти йўқ қилинган, вайрон бўлган ёки бузиб ташланган тақдирда, солиқни ундириш мол-мулк йўқ қилинган, вайрон бўлган ёки бузиб ташланган ойдан эътиборан тугатилиши белгиланган.

Солиқ суммасини қайта ҳисоб-китоб қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан берилган йўқ қилинганлик, вайрон бўлганлик ёки бузиб ташланганлик фактини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.