Уйларни лойиҳа билан иситиб бўлмайди
Икки йил илгари Самарқанд шаҳридаги кўп қаватли уйларни иситиш тизимларини модернизация қилиш мақсадида Жаҳон банки томонидан 30 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган эди. Бу маблағ ҳисобидан вилоят "Иссиқлик манбаи" давлат унитар корхонасига қарашли марказий қозонхонани таъмирлаш, 54 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган Сўғдиёна, Сартепа массивлари, шунингдек, кичик туман (микрорайон)да жойлашган 384 та кўп қаватли уй ҳамда 22 та ижтимоий соҳа объекти иситиш тизими ҳамда иссиқ сув тармоқларини реконструкция қилиш режалаштирилган бўлиб, бу ишлар 2024 йил охирига қадар якунланиши кўзда тутилган.
- Бир вақтлар марказий қозонхона орқали 400 га яқин кўп қаватли уй иситилган бўлса, ҳозирда шаҳарнинг О.Маҳмудов, Лоҳутий кўчаларида, шунингдек, Самарқанд тери тозалаш заводи ҳудудларидаги 4 та кичик қозонхона орқали бор-йўғи 22 та кўп квартирали уйлар иситилмоқда, - дейди "Иссиқлик манбаи" ДУК участка бошлиғи Ражаб Ҳасанов. – Айни вақтда марказий қозонхонага қарашли қозонлар ва иссиқлик тармоқлари тўлиқ таъмирланмоқда. Унга уланган 318 та кўп қаватли уйда иссиқлик узатиш пунктлари қурилиб, қувурлар алмаштирилмоқда.
Шаҳарнинг Саховат маҳалласида 11 та кўп қаватли уй ва 12 та хусусий ҳовли мазкур тармоққа уланган бўлишига қарамасдан, аҳоли уйлари иситилмайди.
- Қатор йиллардан буён уйимизда иситиш тармоқлари ишламайди, - дейди маҳалла раиси Муҳаммадали Маматқулов. – Шунинг учун кўпчилик иссиқлик тармоқларини олиб ташлаган. Аҳоли табиий газда ишловчи ёки замонавий электр печларидан фойдаланади. Ҳовлидагилар эса ўтин ва кўмир билан уй иситяпти.
Маҳалла маркази ёнида жойлашган 36-кўп қаватли уйнинг 12 квартирасида I гуруҳ ногиронлари Т.Мухторов ва У.Наймановалар яшайди. Уларнинг хонадони биринчи қаватда бўлгани ва ертўладаги намлик туфайли хоналари захлаб, деворлари моғорлаб кетган.
- Уйимиз 15-20 йилдан буён иситилмайди, - дейди У.Найманова. – Ҳар йили совуқ кунлар тушиши билан азоб бошланади. Турли йўллар билан хоналарни иситишга ҳаракат қиламиз. Ҳозирда турмуш ўртоғимнинг саломатлиги яхши эмас. Иккаламизнинг ҳам кўзимиз кўрмайди, уйдан ташқарига чиқолмаймиз.
Кўп қаватли уйларни кўздан кечирар эканмиз, уйлардан бирининг ертўласида бир гуруҳ ишчиларнинг меҳнат қилаётганини кўрдик. Улар бизга барча уйларнинг ертўлаларида иссиқлик тарқатиш пунктлари (ИТП) учун махсус жой тайёрлашаётганини таъкидлашди.
- Мазкур маҳалладаги барча уйларнинг ертўлаларига иссиқлик узатиш пунктлари (ИТП) ўрнатишимиз керак, - дейди "Элит грант" МЧЖ раҳбари Баҳодир Умирзоқов. – Ишчиларимиз билан 15 та кўп қаватли уйнинг тармоқларини таъмирлашни ўз зиммамизга олганмиз. Кунига 5 тадан ИТП ўрнатяпмиз. Лекин хонадон эгалари деворни тешиб, тармоқ тортишимизга қаршилик қилмоқда. Улар марказий иссиқлик тизимлари ўрнатишни истамаяпти.
Бундай ҳолатни Баҳор, Шодлик, Тожмаҳал, Марҳабо маҳаллаларидаги 63 та кўп квартирали уйларда ҳам кўриш мумкин. Улардаги иситиш тизимлари йўқ бўлиб кетганига ҳам қарийб 20 йилдан ошган.
- Марказий қозонхона ўз фаолиятини тўхтатгач, кўпчиликда бундан кейин иситиш тизими ишламас экан, деган фикр пайдо бўлди, - дейди Марҳабо маҳалласида яшовчи Қаҳҳор Собиров. – Деярли барча уйидаги чўян батареяларини кесиб, сотиб юборди. Хоналарни ошхонадаги табиий газ плиталари орқали исита бошладик, газ бўлмай қолса, электр иситкичлардан фойдаландик. Ҳатто “буржуйка” ўрнатиб, ўтин ёққан кунларимиз бўлди. Бир ҳафтадан буён хонтахтани “танча”га айлантириб, атрофида ўтириб, жон сақлаяпмиз.
“Иссиқлик манбаи” ДУКга қарашли Лоҳутий кўчасидаги қозонхона 2 та кўп қаватли уйда жойлашган 66 та хонадонга хизмат кўрсатади. Иккита қозондан биттаси ишлаб турибди. Уйлар бир маромда иситиляпти. Бироқ шу уйларда яшовчи аҳолининг фикри бошқача бўлди.
- Кунлар илиса, газ кўпаяди шекилли, уйимиз ҳам исиб қолади, - дейди 63 "А" уйда яшовчи Валентина Мосина. – Агар совуқ бошланса борми, батареялар совиб кетади. Яна қўшимча печкаларни улашимизга тўғри келади. “Дом”имиздаги 4 йўлакда жойлашган квартиралар умуман исимайди.
- Совуқ кунлари бир ҳафта давомида ҳудудимизда газ босими пасайиб кетди, - дейди қозонхона оператори Эркин Қўлдошев. – Бор газга битта қозонни ёқиб, уйларни иситишга ҳаракат қилдик. Уйдагилар эса иккинчи қозонни ҳам ёқишимизни талаб қилишмоқда. Бунинг иложи йўқ. Чунки иккинчи катта қозон кучли газ босимида ишлайди.
2020 йилда Мустақиллик маҳалласининг Алишер Навоий кўчасидаги 15, 16 "А", Курчатов кўчасида 1 "А", 22, Мироншоҳ кўчасидаги 1 "А" уйларни иситиш учун замонавий қозонхона ўрнатилган бўлса-да, ҳалигача ишлатилмаган. Тармоқ уйларнинг ертўласигача тортилиб, асосий тизимга уланган. Лекин уйлар эгалари ундан фойданмаяпти.
- Вагон - қозонхона олиб келиб ўрнатишганида уйларимиз исиб, кўрган қийинчиликларимиз ортда қолади, деб хурсанд бўлган эдик, - дейди уйбоши, нафақахўр Тоҳир Асадов. – Бироқ ундай бўлмади. Ишчилар келиб, ҳар бир уйнинг ертўласига ИТП ўрнатишди. Аммо уйларда яшовчиларнинг фикри бир жойдан чиқмаяпти. Кимдир тортамиз деса, яна кимдир керак эмас, чиройли уйларимизни бузиб, тешиб ташлашади дейишмоқда. Имконияти бўлганлар хонадонларини замонавий газ ва электр печкалар ёрдамида иситяпти. Бошқалар эса газ плиталардан фойдаланмоқда.
Режалаштирилган ишларни амалга ошириш чўзилиб кетаётганга ўхшайди. Хўш, бу лойиҳалар якунланишига яна икки йил бор экан, аҳоли совуқ кунларда ўз хонадонларини қандай қилиб иситмоқда? Жаҳон банки пулини тўлаб қўйган бўлса, лойиҳаларни муддатидан олдин амалга оширишнинг иложи йўқмикин? Соҳа мутасаддилари қаҳратон совуқда одамлар кўп қаватли уйларда қандай жон сақлаб келаётгани билан қизиқармикан?
Бу каби жавоби йўқ саволлар жуда кўп. Одамлар кунлар исиб кетса, яхши бўлиб кетади, деган илинж билан яшаётганлиги бор гап. Лекин қиш энди бошланди, баҳоргача яна уч ой бор...
Дилмурод Тўхтаев.