Уйни қиммат олиб, арзон сотган фуқарога асоссиз 23 миллион сўмдан кўпроқ солиқ ҳисобланган

Адлия идораси аралашуви билан солиқчиларнинг хатоси туфайли юзага келган қарз ҳисобдан чиқарилди.

Нарпай тумани «Саловат» маҳалласида яшовчи Ж.Усмонов туман давлат солиқ инспекцияси томонидан нотўғри солиқ қарзи ҳисобланиб, унга нисбатан ғайриқонуний талабнома юборилганлигини билдириб, амалий ёрдам беришни сўраган.

Туман адлия бўлими томонидан ўрганиш давомида Ж.Усмонов Самарқанд шаҳар Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган 116-уйдаги квартирани 2019 йил 17 июлда Л.Амаловадан нотариал тартибда 212 миллион сўмга сотиб олган. У ушбу кўчмас мулкни 2020 йил 5 июнда М.Ашуровага нотариал тартибда 120 миллион сўмга (харид қилинган нархидан 92 миллион сўм паст нархга) сотган.

Солиқ кодексининг 375-моддаси 4-бандига биноан солиқ тўловчига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар, яъни мазкур мол-мулкни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми мулкий даромадлар таркибига кириши белгиланган.

Ж.Усмонов эса юқоридаги кўчмас мулкни сотиш орқали мулкий даромад кўрмаган. Шунга қарамасдан туман давлат солиқ инспекцияси томонидан Солиқ кодексининг тегишли моддаларига асосан 21 миллион 430 минг 426 сўм асосий қарз ҳамда белгиланган муддатда тўланмаганлиги учун 1 миллион 835 минг 730 сўм 26 тийин миқдорида пеня ҳисобланган.

Нарпай тумани адлия бўлими томонидан кўрилган чора-тадбирлар натижасида Ж.Усмоновга нисбатан ҳисобланган 23 миллион 266 минг 156 сўм асоссиз қарздорлик ҳисобдан чиқарилди.

Жасур Қиличев,
Нарпай тумани адлия бўлими бошлиғи.