Туз билан даволаш – галотерапия: Унинг инсон организмига таъсирини биласизми?

Туз нафақат кундалик турмушда истеъмол қилинадиган табиат маҳсулоти, балки қимматбаҳо табиий дори воситаси ҳамдир. Туз билан беморларни даволаш тиббиётда галотерапия деб аталади. Галотерапиянинг асл моҳияти туз парлари билан нафас олдириб, касалликларни даволаш, соғлом турмуш тарзига қайтариш, иммунитетни мустаҳкамлашдан иборатдир. Ушбу даволаш тури ҳақида батафсил маълумот олиш учун терапевт врач Жамшид Нурмаматов билан суҳбатлашдик.

- Жамшид,  ушбу даволаш тури бўйича анча вақтдан бери фаолият юритиб келаётган экансиз. Галотерапия атамаси кўпчиликка номаълум десак муболаға бўлмайди, тўғрими? Бу даволаш усули қачон пайдо бўлган ва медицинага қачон «кириб келди?»

- Кўп йиллар давомида инсонлар туз ғорларидаги микроиқлимни сунъий яратишга ҳаракат қилиб келдилар. Ўтган юз йилликнинг ўрталарида бунга эришишди ва тиббиётда янги атама - «Галотерапия» пайдо бўлди. Аслида, галотерапия қадимдан  бор эди, десак тўғрироқ бўлади. Қадимда касал кишилар туз ғори ҳамда туз конларида ўзларининг умумий аҳволи нисбатан яхшиланганларини кузатишган ва даво топиш мақсадида ана шундай жойларга тез-тез бориб туришган. Бу даво турининг сабаби вақт ўтиб текширувлар натижасида исботланди: у туз ғоридаги қулай микроиқлим. Бу микроиқлимнинг асосий мезонлари бир хил (стабил) ҳарорат, маълум даражадаги намлик ва тузнинг кичик заррачалари ҳаво муҳитида кўп миқдорда бўлганлиги ҳисобланади. Бу мезонлар инсон организмига кучли терапевтик таъсир кўрсатади. Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида олимлар томонидан галотерапияни беморларда қўллаб, даволашда яхши натижа кузатишди. Шундан сўнг бу муолажа тури кўплаб мамлакатларда оммалашди ва самарали натижалар билан фойдаланила бошланди.

- Галотерапияга мурожаат қилиш учун туз ғорлари мавжуд масканларга бориш керакми ёки...

- Дастлаб тузли хоналарни фақат санаторий ва дам олиш жойларида учратган бўлсак, ҳозирда кўплаб даволаш - профилактика муассасаларида галотерапияни қўллаш кенг тарқалмоқда. Бугунги кунда мамлакатимизнинг кўплаб санаторий ва даволаш профилактик муассасаларида  сунъий яратилган тузли хоналардаги муҳитни табиий туз ғорларидаги каби бир хил муҳит бўлишига эришилмоқда.

- Демак, бу даволаш туридан фойдаланиш имконияти кенгаймоқда, шундайми?

- Албатта. 

- Галотерапиянинг инсон организмига таъсир жараёни қандай кечади? 

- Бу номедикаментоз, яъни дорисиз усулда доимий бир хил ҳарорат ва намлик, тўйинган ош тузига эга бўлган ҳаво муҳитини организмга таъсир этиши билан боғлиқдир. Тузнинг аэрозол кўринишидаги (аэрозолнинг ўлчами 5 мкм) кичик ўлчамли заррачалари нафас йўлларининг энг кичик бронхиолаларигача кириб боради (шу сабабли даволаш самарали бўлади) ва унинг деворларига чўкади. Натижада, бронхлардаги балғамни юмшатади, шишган тўқималардаги суюқликни ўзига сўриб олиш ҳисобига бронхоспазм камаяди ва балғамни чиқариш тезлашади. Шунинг билан нафас тизими обструктив синдроми билан оғриган беморларнинг тез соғайиши ва касалликнинг ремиссия даврининг узайишига ёрдам беради.

- Галотерапия нафас тизими касалликлари учун фойдалими ёки бошқа касалликларда ҳам шифо топишга ёрдам берадими?

- Бундай тузли ҳаво муҳити организм учун зарур бўлган бир қатор микроэлементлар сақлагани боис, муолажа фақатгина нафас тизими касалликларидагина эмас, балки бир қанча касалликларни даволашда ҳам қўлланилади. Булар - ошқозон ичак тизими; тери касалликлари, асаб тизими касалликлари, қалқонсимон без фаолиятининг бузилишлари, тез чарчаш, толиқиш (асабий ва жисмоний) касалликлардир. Шунингдек, кўп чекувчилар, иммунитети пасайган беморлар, грипп ва вирусли касалликларнинг олдини олиш ва ремиссия даврида жуда фойдалидир.

- Ҳозир тузли хона бир қатор микроэлементларни сақлашини айтиб ўтдингиз, аммо уларнинг номини айтиб ўтмадингиз? Ўша микроэлементлар ва таъсир доираси ҳақида ҳам тўхталсангиз?

- Микроэлементлар мавжуд бўлган ҳавода мисол учун, йод моддаси бор, у қалқонсимон безнинг нормал фаолияти учун энг зарур бўлган элемент. Ёки юрак-қон томир тизимини фаоллаштирувчи магний. Калий-натрий - юрак касалликларида юрак фаолиятини ва терида қон айланишини яхшилайди. Кальций бор - иммун системасини мустаҳкамлайди ва қон айланишини яхшилайди. Қон тузилмаларини яхшилайдиган ва гемоглобин таркибига кирувчи темир моддаси; мис - моддалар алмашинувини ва темирнинг сўрилишини яхшилайди. Марганец - организмдаги зарарли токсинларни йўқотишга ёрдам беради. Рух - простата бези касалликларининг олдини олади, даволайди ва бўй ўсиши бузилишларида фойдали. Селен - организмни эркин радикаллардан тозалайди ва хавфли ўсмалар келиб чиқишидан ҳимоя қилади. Шунингдек, галотерапия қариш жараёнини ҳам секинлаштиради!

- Асосан қайси касаллик турларида кўпроқ фойда беради?

- Нафас йўллари касалликлари: бронхиал астма (барча тури ва даражаларида), бронхитлар (ўткир ва сурункали), бронхоэктатик касалликда, қийин ажралувчи балғамли йўтал, қуруқ ҳуштаксимон хириллашлар ва йўтал билан кечувчи касалликлар.

Лор касалликлари: вазомотор ренит, аллергик ренит, гайморит, ларингит ва фарингит, тубоотит. Тери касалликлари: атопик дерматит,  псориаз, ёғли себория, ҳуснбузар, экзема, терининг кўп учрайдиган майда ўчоқли йирингли касалликлари.

Асаб тизими касалликлари: асаб тизими функциясини яхшилайди, оғриқ қолдирувчи ва тинчлантирувчи хусусияти бор. Стресс, чарчоқ ва ҳолсизликда фойда беради.

Қон айланиш тизими: қон босимини, қон таркибини нормаллаштиради, қон айланишини яхшилайди, гемоглобинни оширишда муҳим роль ўйнайди.  Шунингдек, иммунитетни нормаллаштиради, кислота-ишқорий балансни тиклайди.

Бўғим касалликлари: артроз ва артритларда фойдали.

Ёш болаларда иммунитетни ошириш, ЎРВИ ва гриппда ҳам самарали натижа беради.

- Бу даволаш тури кимларга мумкин  эмас?

- Ҳаётий муҳим органларнинг оғир касалликлари ва асоратлар ривожланганда. Жумладан, нафас ва юрак, буйрак етишмовчилигида, юқори артериал қон босими ва иситма бўлганда, хавфли ўсма ва унга шубҳа бўлганда ва клоустрофобия (муҳитдан қўрқиш)да мумкин эмас.

Аслиддин Мустафоев суҳбатлашди.