Вадим Абрамов: Самарқандда футболга қизиқувчилар ҳам, футбол ўйновчилар ҳам кўп
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ташкил этилган лойиҳа доирасида вилоят футбол ассоциацияси “Маҳаллаларда имконияти чекланган ёшлар ўртасида футболни ривожлантириш орқали соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш” йўналишида ғолиб бўлиб, 50 миллион сўм миқдоридага маблағга эга бўлган эди.
Ушбу маблағ эвазига маҳалла ва таълим масканларида имконияти чекланган ёшлар ўртасида оммавий футбол мусобақалари ташкил қилинди. Хусусан, Самарқанд шаҳридаги 59-Нурли маскан ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам футболни янада оммалаштириш, имконияти чекланган ўқувчиларнинг спортга қизиқишини ошириш, маҳалла ёшлари ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида футбол фестивали ўтказилди.
Унда ўзбек футболи ривожига муносиб ҳисса қўшган фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ўқитувчи-мураббийлар сўзга чиқиб, спорт, хусусан, футболнинг оммавийлиги учун қилинаётган хайрли ишлар, ёшларга яратилаётган шарт-шароит ва имкониятларни юқори баҳолашди. Зиё масканидаги фестиваль ўқувчиларининг миллионлар ўйинига меҳрини оширди.
- Шубҳасиз, болаларга бундай эътибор хайрли иш ҳисобланади, - дейди “Динамо” ПФК бош мураббийи Вадим Абрамов. - Муҳими, ёшларнинг футболга қизиқиши ва меҳрини оширади. Кўрдимки, ёшлар орасида келгусида ҳаётини футболга боғлайдиган ёшлар кўп. Фақат уларни тарбиялаш, улар устида "ишлаш" керак, холос. Умуман, спорт ҳар бир инсонни соғлом бўлишига яқиндан кўмакдош бўлади, ҳамжиҳатликни кучайтиради. Шунинг учун бу хайрли тадбир ўқувчиларни ҳаётда ўзларини тўлақонли ҳис этишига, жамиятнинг фаол аъзоси айланишига хизмат қилади, деб ўйлайман.
Фестиваль доирасида футболга иштиёқи баланд ўқувчиларга спорт кийимлари, тўплар, футбол учун зарур бўлган буюмлар совға қилинди. Таълим маскани жамоаси, ўқувчилар бундай эътибордан миннатдор эканлигини таъкидлашди.
Замон Эшонқулов.