Ваҳима ва қўрқувга ўрин йўқ!

Ҳаёт ҳар доим бир текис-бахтли, қувочли бўлмайди. У баъзан шиддатли, беаёв, тасодифларга бой, баъзан тинч-сокин бўлиб, турли синовлар орқали одамларнинг иродасини мустаҳкамлайди, сабр-тоқатини синайди, шукроналик туйғусини тарбиялайди. Ахир бунга тарих гувоҳ. Ўзбек халқи бундай вабонинг - ўлат, очарчилик, қирғоқчилик, қатағон йиллари, Иккинчи жаҳон уруши, пахта иши каби турли кўринишларини бошидан кечирган, уларни мардонавор енгган халқ.

Ҳамма замонларда ҳам бундай таҳликали воқеалар одамларнинг кўзини очган, бирлашишга, меҳр-оқибатли бўлишга, сабр-тоқат, шукроналик билан яшашга ўргатган, уларни босиб ўтган ҳаёт йўли, қилган эзгу ишлари ҳамда йўл қўйган хато-камчиликларига бир боқиб, тегишли хулоса чиқаришга даъват этган.

Хитойнинг Ухань шаҳрида 2019 йил декабрь ойида пайдо бўлиб, бутун дунёга тарқалган, барча мамлакатларни, халқларни таҳликага солган COVID-19 коронавирус инфекцияси ҳам миллати, тили, турмуш тарзидан қатьий назар барча халқларни бир мақсад сари бирлаштирмоқда. Бугунги кунда бутун дунё халқларининг мақсади битта - у ҳам бўлса, барча имкониятларни бирлаштириб, ушбу вабони бартараф этиш, ўзларининг тўқ-фаровон, бахтли турмушини давом эттиришдан иборат.

Бу бало мақсадлари эзгу, иродаси мустаҳкам, порлоқ келажак учун фидойи, маънавий баркамол инсонларга шубҳасиз, таъсир этмайди. Бундан ваҳимага тушиб қолганлар, қўрқувдан ўзини йўқотганлар, ҳаёт тугади деб руҳий тушкунликка тушганлар ҳам йўқ эмас, албатта.

Эй юртдошлар! Ваҳима қилманг, ваҳимага ўрин йўқ. Яхши кунимизга ҳам, ёмон кунимизга ҳам шукур қилишимиз керак. Ношукрчилик оғир вазиятни янада оғирлаштиради, иложи бор нарсани иложсизликка олиб келади. Бу давоси бор касалдан қўрқиш керак эмас. Халқда бир мақол бор “Қўрққанга қўша кўринади”.

Назаримизда, коронавирус инфекцияси маънавий юксалишимизга, инсоний туйғуларимизга тўсқинлик қилаяпти, дея олмаймиз. Аксинча, у уйда оила даврасида тинч ўтган ҳар бир дақиқамизга шукур қилишни, сабрли бўлишни, дераза ортидаги баҳор гўзаллигини, ҳаётнинг қанчалик ширин эканлигини сезишни, қадрига етишни ўргатяпти. Қариндош-уруғлар, дўсту биродарлар, фарзандлар билан хоҳлаганда кўриша олмаслик, хоҳлаган вақтда хоҳлаган ерга бораолмаслик қанчалик оғир эканлигини англаб етяпмиз. Инсонга берилган ҳар сония вақт ғанимат эканлиги, ундан унумли фойдаланишга ўрганяпмиз. Ўтган умримиз давомида нималарга эришганлигимизу нималарга эришолмаганлигимиз, кимларни рози қилиб, кимларни норози қилганлигимиз, эришган ютуқларимизу камчиликларимизни сарҳисоб қилиш, хулоса чиқариш келажак ҳаётимизни режалаштиришга сабаб бўлаяпти.

Шу кунгача ҳаётимизда баъзан кўрган бахтсизликларга, омадсизликларга, ҳаётда қоқилишларга, йўл қўйган хато-камчиликларимизга ўзимизнинг ношукурлигимиз сабаб бўлган деб ўйлайман. Ушбу шафқатсиз бало ўзи билан бирга одамлар қалбига шукуроналикни ҳам олиб кирди.

О.МУСУРМАНОВА,

педагогика фанлари доктори, профессор.