“Вақф” фонди болаларга ўқув қуроллари ва сумкалар улашди

Мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан кенг қамровли “Хайрия марафони” ташкил этилди. Ушбу марафонда ҳеч қандай спорт турлари бўйича беллашилмайди, бунда фақатгина хайр-эҳсонлар улашишда беллашув ўтказилади. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар берди.

Юртимизнинг саховатли инсонлари кўмаги билан ташкил этилаётган “Хайрия марафони”нинг дастлабкиси Тошкент шаҳрида ўтказилди. Ушбу хайрия тадбирида 40 миллион сўмлик моддий ёрдам кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонларга берилди. Тошкент шаҳрида истиқомат қиладиган кам таъминланган оилаларнинг 27 нафар 2-11 синфларда таҳсил оладиган фарзандларига янги ўқув йили учун энг сара ўқув қуроллари, сумкалар улашилди.

Юртимиз болаларининг таълим олишида кўрсатилган кўмак албатта, ўз мевасини беришига ишонамиз. “Вақф” фонди юртимиз аҳолисини кўпроқ эҳсон қилишга, атрофдаги муҳтож инсонларга улар сўрамасалар ҳам яхшилик қилишга чақиради.

Хайрия тадбирлари вилоятларда давом этади.