"Вақф" фонди Самарқанддаги қишлоққа сув етказди

Бир ҳадисда бундай дейилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким сув бор жойга сув чиқарса, бир жонни озод қилгандек бўлади, ким сув йўқ жойга сув чиқарса, бир жонни тирилтиргандек бўлади” (Ибн Асокир ривояти).

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан бугунги кунда ўнлаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Вақф мулкларини тасарруф этиш, кўмакка муҳтож ёки тиббий муолажа учун маблағ талаб этиладиган беморлар учун акциялар ташкил этилмоқда.

"Вақф" хайрия жамоат фондининг "Вақф мулки ва оби-ҳаёт" акцияси доирасида Самарқанд вилояти Нуробод тумани ҳудудида жойлашган "Оқсой" маҳалла фуқаролар йиғинига ичимлик суви чиқарилиши бўйича хайрли иш амалга оширилди. Ушбу амалий ишлар "Оқсой" МФЙ раиси ва бир гуруҳ фаолларининг Фондга мурожаати юзасидан бошланган эди. МФЙ раиси ва фаоллари мурожаатида зарур ашёлар рўйхати ва нархлари келтириб ўтилган бўлиб, ушбу мурожаатга мувофиқ Фонд томонидан 40 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

Қуйида ушбу мурожаат ва ашёлар рўйхати келтириб ўтилади.

Сув чиқариш улкан ажрга сабаб бўлувчи амал бўлиб, халқимиз асрлар давомида шу каби ишларни ҳашар йўли билан амалга ошириб келган. Худди шундай савобли иш "Оқсой" қишлоғида ҳам бошланиб, охирига етмай қолган. Бу масалада айрим ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар орқали асоссиз маълумотлар тарқатилиб, Фонд фақатгина "найрангбоз"га чиқарилган.

"Вақф" фонди юртимиз мўмин-мусулмонларини улуғ айём арафасида кўпроқ хайрли ишларни қилишга, Аллоҳнинг розилигига эришишда мусобақалашишга чақиради. Маҳалла оқсоқолларини айтишича, сув чиқарилган қудуқ бир қанча йиллар аввал маҳалла аҳли томонидан қазилган. Бироқ сувни қишлоққа олиб келиш ишлари тўхтаб қолган. Зарур ашёлар Фонд томонидан харид қилиниб, 2 километрлик траншея қазиш учун ҳомийлар жалб қилинган.

Фонднинг ҳомийлари, Фонднинг Самарқанд вилоят филиали ҳамда "Ҳазрати Довуд" зиёратгоҳи ходимлари ташаббуслари билан амалий ишлар бажарилиб, Нуробод тумани "Оқсой" МФЙга 2 километр узунликдаги ичимлик суви тармоғи қуриб битказилди, қишлоқнинг олти жойига кран ўрнатилиб сув чиқарилди.

Ушбу ичимлик суви тизими орқали 200 дан ортиқ хонадонга сув етказилди.

"Вақф" фонди журналистлар ва блоггерларни ҳолатни батафсил ўрганиб, объектив маълумот тарқатишга чақиради. Фонд ўз фаолиятида шаффофликка таянишни мақсадга мувофиқ дея ҳисоблайди. Саҳоватли инсонлар маблағига амалга оширилаётган хайрли ишларни бошқаларга ўрнак мақсадида ошкор қилиш ақлга зид иш эмас.

Фонд томонидан амалга оширилаётган хайрли ишларда сиз ҳам фаол иштирок этинг, ўз эҳсонларингизни улкан ажрларга эриштирувчи саҳоват ишларига йўналтиринг.

"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.

 

P/S: Ижтимоий тармоқлардаги турли хил фикрлардан сўнг биз ҳам Оқсойга бориб, масалани ўргандик, қишлоқ аҳли билан суҳбатлашдик.

– Туғилганимдан буён шу маҳаллада яшайман, – деди Оқсой маҳалла фуқаролар йиғини раиси А.Исрофилов. – Одамларимиз сувсизликдан қаттиқ қийналди, азоб чекди. Йиллар давомида эшак-арава билан 3-4 километрдан сув ташидик. Тўғри, имконияти бор айрим кишилар қудуқ қаздириб, уйидан сув чиқарди, аммо оддий аҳолига бу муддат осон ўтмади. Шу боис Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқаруви раҳбари И.Халилов номига хат юбордик. Бизнинг илтимосимиз эътиборга олинди ва 40 миллион сўм маблағ эвазига маҳалламизга сув чиқариб берилди.

– 2017 йилда маҳалламиздан Россияга бориб ишлаётган ёшлар билан келишиб, қишлоқда ичимлик суви чиқариш учун ўша жойнинг ўзида 24 миллион (280 минг рубль) сўм пул йиғдик, – дейди маҳалла ёшларидан бири Зайниддин Сайфиддинов. – Ўша йил тушган маблағ эвазига 125 метр чуқурликда қудуқ қаздирдик. Аммо биз тўплаган пул қазиш ишларидан ортмаганлиги боис, сув чиқариш режамиз қолиб кетди. Яқинда “Вақф” хайрия жамоат фондининг ташаббуси билан ишлар қайта бошланди ва 250 га яқин хўжаликка сув етказиб берилди.

Ҳа, дарвоқе, ўрганиш жараёнида Оқсойда сув келтиришга сарфланган маблағ ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилди. Уларни ҳам кўрдик.

 Демак, бу ерда Zarnews.uz ҳам, уларга хабар берган "Вақф"чилар ёки бу ҳақда гапирган Азиз Султонов ҳам ёлғончи эмас. Россияда ишлаётган ва пул юбориб, артезан қудуқ кавлатган оқсойликларнинг меҳнатини ҳам ҳеч ким унутмаган.