Вазиятга қараб турганинг яхши

Донога ишора бас, нодонга - туртки,
Донолик ҳам асли ҳушёрлар мулки,
Бўлмай десанг магар, эл ичра кулги,
Ҳар ҳолда ҳовлиқмай юрганинг яхши.

Айтиб қўйиб аттанг, дегандан кўра,
Тавба қилдим, тўхтанг! дегандан кўра,
Илингандан дакки егандан кўра,
Вазиятга қараб турганинг яхши.

Ҳолин билган одам ҳоримас, дерлар,
Комилга касофат доримас дерлар,
Кеккаймоқ донишнинг коримас дерлар,
Кулбангни пастроқдан қурганинг яхши.

Тўғри йўл сенга кўп тўғри келмайди,
Бу йўлга қароқчи, ўғри келмайди.
Қўли, қалби, дили эгри келмайди -
Йўлингни сўл томон бурганинг яхши.

Бошингда бахт қуши тилу феълингдан,
Олқиш дуо олгин улус элингдан,
Ололмасанг қувват кетмай белингдан
Бошни деворларга урганинг яхши.

Начора, қисматнинг қулиман десанг,
Бўйни эгилмаган ўлиман десанг,
Чоппар очилмаган гулиман десанг
Ҳаётда давронинг сурганинг яхши.

Нуриддин БОБОҚАНДОВ.