Венгрия болгар-туркча “onogur” сўзидан келиб чиққан ва “ўн қабила” деган маънони англатади

Биз бу давлатлар ҳақида бир неча бор эшитганмиз. Сайёҳатчилар орасида жуда машҳур бўлганлиги сабабли уларга саёҳат қилишни орзу қилганмиз. Шубҳасиз, нима учун у ёки бу мамлакат бундай номга эга, бу ҳарфлар нимани англатади ва қандай сабабларга кўра номланганлиги ҳақида ўйлаган бўлсангиз керак. Бугун шу ҳақда қисқача тўхталамиз.

Аргентина

Бир пайтлар испанлар Рио-де-Палата дарёсининг кумушга тўлалигини аниқлади (Argentum сўзи лотинчадан кумушни билдиради). Шу тариқа Аргентина номи пайдо бўлган.

Нидерландия

Нидерландия “пасттекисликлар” деб таржима қилинган. Чунки мамлакатнинг аксарияти денгиз сатҳидан пастда жойлашган. Голландия мамлакатнинг иккинчи умумий номи. Аммо бу бутунлай нотўғри номланиш. Азалдан Нидерландиянинг фақат иккита ҳудудини Голландия деб аташган. Тарихий жиҳатдан булар энг ривожланган ва мамлакат ташқарисида энг машҳур вилоятлар бўлганлиги сабабли бутун мамлакат Голландия деб ном олган.

Венгрия

Ушбу давлатнинг номи болгар-туркча “onogur” сўзидан келиб чиққан ва “ўн қабила” деган маънони англатади. Яъни, етти маҳаллий қабилалар ва кейинчалик Ҳазар қабилаларининг Карпат ҳавзасида ўрнашганлиги туфайли бу давлат Венгрия деб номланган.

Бразилия

Бир вақтлар Бразилиядан Европага жуда кўп қиммат Маун (қизил) дарахти экспорт қилинган. Унинг ранги аланга олиб турган қизил чўққа ўхшагани ва португал тилидан brasa сўзи “чўғ”ни билдириши сабабли бу давлатга Бразилия номи берилган.

Испания

Илгари Испания қирғоғида жуда кўп қуён яшаган. Финикияликлар Иберия ярим оролининг қирғоғига тушиб, қуёнларни бошқа жонзот - Даманлар билан адашиб, бу мамлакатга I-Shapan-im “Даманлар ороли” номини беришди. Кейинчалик ушбу номдан Лотинча Hispania ва замонавий Испания ҳосил бўлди.

Коста-Рика

Коста-Рика номининг келиб чиқиши Колумб билан боғлиқ. Колумб қирғоқдаги ҳиндулар жуда кўп заргарлик буюмларини тақиб юрганини кўргандан сўнг, бу минтақа “бой қирғоқ” деб номлана бошланди. Коста-Рика сўзлари айнан шу тарзда таржима қилинган.

Люксембург

Илгари Люксембург оддий бир қалъа бўлган. У немис тилидан “Кичик қалъа” деб таржима қилинган. Аббатлар (католиклар монастири ва унга қарашли жойлар) маркази бирлашиши натижасида қалъа бутун мамлакатга ном берди.

Камерун

Марказий Африка дарёсидаги қисқичбақалар кўплигини кўрган португалиялик денгизчилар бу жойга Рио-дош-Камаройш, яъни “қисқичбақалар дарёси” деган ном беришди. Кейинчалик Камаройш Камерунга айланди.

Лихтенштейн

Австрия князи Ҳанс-Адам Лихтенштейн томонидан босиб олинган ерлар давлатга айланди ва унинг номи билан аталди.

Ватикан

Рим марказидаги кичик давлат Ватикан тепалигида жойлашганлиги сабаб унга шу ном берилган. Тепаликнинг номи лотин тилидан “башорат қилиш” деган маъносини англатади. Бир пайтлар бу ерда ҳар қандай саволга тангри номидан жавоб берадиган коҳин ва фолбинлар тўпланишган.

Намибия

Мамлакат ўз номини Намиб чўлидан олди. У нама тилидан “ҳеч нарсаси йўқ жой”, деб таржима қилинган.

Венесуэла

Минтақа унга “кичик Венецияни” эслатганлиги сабабли бундай номни бу давлатга италиялик саёҳатчи Америго Веспуччи берган (Venezuela итальян тилидан шундай таржима қилинади).

Баҳора МУҲАММАДИЕВА тайёрлади.