Вьетнамда сўнгги 3 ойда биринчи коронавирус ҳолати қайд этилди
25 июль куни Вьетнам сўнгги уч ой ичида илк бора мамлакат ичида коронавирус ҳолатини қайд этди. Бу ҳақда Вьетнам давлати янгиликлар агентлиги (VNA) хабар берди.
Касалланиш ҳолати бироз олдин ўткир респиратор касалликлари белгилари билан денгиз қирғоғида жойлашган Да Нанг шаҳри маҳаллий касалхоналарининг бирига жойлаштирилган 57 ёшли фуқарода аниқланди. Ундан тўрт марта COVID-19 га таҳлил олинди. Таҳлилларнинг барчаси унда коронавирус инфекцияси борлигини кўрсатди.
Агентлик тақдим этган маълумотга кўра, бемор Да Нанг шаҳри туманларининг бирида истиқомат қилади. У сўнгги бир ой ичида фақатгина қўшнилари ва қариндошлари билан мулоқот қилган ва уйидан узоққа чиқмаган.
Беморнинг таҳлил натижалари аниқ бўлганидан сўнг у билан мулоқотда бўлган 102 киши карантинга олинган. Қизиқ жиҳати шундаки, бемор билан мулоқотда бўлган 102 кишининг биронтасида ҳам коронавирус инфекцияси аниқланмаган.