Вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов: Жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда бир қатор тадбирлар ўтказилди

Аввал хабар қилганимиздек, халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясида вилояти ИИБ бошлиғи, полковник Ш.Раҳмонов 2020 йилда жиноятчиликнинг олдини олиш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини таъминлаш борасида олиб борилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

Қайд этилишича, 2020 йилда вилоят ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда бир қатор профилактик тадбирлар олиб борилган.

Хусусан, 2020 йилнинг 10 августдан 10 сентябрга қадар “ТАФТИШ” махсус профилактик тадбири, 19 августдан 19 сентябрга қадар “Ичкиликбозликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбири, 19 сентябрдан бошлаб “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбири, 27 октябрь кунидан бошлаб руҳий касал, гиёҳвандлик ва спиртли ичимликка ружу қўйган шахслар билан профилактик ишлар тадбири, 17 ноябрь кунидан бошлаб вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, жиноий гуруҳлар фаолиятига чек қўйиш борасида ҳамкорликдаги комплекс махсус тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилган.