Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси фуқароларда коронавирус белгилари пайдо бўлганда зудлик билан қаерга мурожаат қилиш кераклигини маълум қилди

Коронавирус белгилари сезилган тақдирда фуқаролар ҳудудий оилавий поликлиникаларга мурожаат қилишлари мумкин.

Шунингдек, Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлими, шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникаси, шаҳар 2-сон, 4-сон, 12-сон оилавий поликлиникаларида коронавирус инфекциясига лаборатор таҳлиллар қабул қилинади. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси Zarnews.uz`га хабар берди.

Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам (103)га ҳам қўнғироқ қилиш мумкин.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида туну кун фаолият юритадиган штаб ташкил қилинган. Бу бўйича саволлар пайдо бўлганда соғлиқни сақлаш бошқармасининг штабда ташкил этилган +998 66 234-99-48 рақамли телефонига куннинг истаган вақтида қўнғироқ қилишлари ва тегишли тавсия ҳамда ёрдам олишлари мумкин.