"Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари томонидан шакллантирилган инвестиция лойиҳалари уларнинг салоҳияти ва имкониятларига мос эмас" — Президент

Сўнгги икки ойда саноати паст ривожланган 60 та туманга консалтинг компаниялари жалб қилиниб, лойиҳа гуруҳлари билан бирга 6,5 миллиард долларлик 2 мингдан зиёд истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқилди.

Мисол учун, Пахтачи туманида ўтган олти ойда бор-йўғи 5 миллион долларлик тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилинган. Ваҳоланки, консалтинг компания икки ойда 165 миллион долларлик 40 дан зиёд лойиҳаларни туман ҳокимига тақдим қилди.

“Барча ҳокимлар бир масалани эшитиб олсин. Токи ҳоким ҳар бир лойиҳани ичига кириб, ўзи инвестиция билан шуғулланмаса, аҳвол ўзгармайди”, - деди давлат раҳбари.

Инвестиция, ташқи савдо ва саноат вазирлигига йил якунига қадар барча туман ва шаҳарларда ҳамда тармоқларда 30 миллиард долларлик янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш топширилди.

Бунинг учун барча туман ва шаҳарлардаги лойиҳа гуруҳлари консалтинг компаниялари билан бирга “изланиш – ишлаб чиқиш – амалга ошириш” тамойили асосида янги лойиҳаларни шакллантиради. Бу мақсадларга 15 миллион доллар йўналтирилади.

Ишлаб чиқилган лойиҳаларни хорижий инвесторларга тақдимот қилиш учун йил якунига қадар ҳар бир вилоятда ҳудудий инвестиция форуми ўтказилади.