Виртуал давлатлар. Бу ҳақда нималарни биласиз?
Виртуал давлатлар - бу халқаро миқёсда тан олинган “қўшнилари”дан ўз мустақиллигини эълон қилган кичик ҳудудлардир. Бу йўлни улар истеҳзо ёки жиддий мақсадлар билан танлаган бўлса-да, бу мамлакатлар камдан-кам ташриф буюриладиган жойларни ўрганишга қизиқадиган ҳар қандай сайёҳ тасаввурини ўзига тортади.
Сеаланд князлиги
Сеаланд аксарияти рамзий норозилик ёки беҳуда лойиҳалар бўлган виртуал давлатларнинг янги авлодини келтириб чиқариб, уларга йўл очиб берган бўлиши мумкин. 1967 йилда асос солинган Сеаланд Aнглиянинг шарқий қирғоғидан 12 километр узоқликдаги денгиз платформасида жойлашган. Князликка ташриф буюрмоқчи бўлган кишилар вертолёт майдончаси бўшлигини текшириш учун олдиндан қўнғироқ қилиши лозим.
Ужупис республикаси
Рассомлар Вильнюсдаги илгари ташлаб кетилган Ужупис туманини гуллаб-яшнаётган зиёлилар анклавига айлантиришди ва уни 1997 йилда байроқ, президент ва 11 кишилик армия билан республика деб эълон қилди.
Ҳудуддаги деворга осиб қўйилган ва турли тилларга таржима қилинган конституцияда инсон ҳуқуқлари, тинч-тотув яшаш ва сўз эркинлиги таъкидланган 41 та модда бор. Ужупис ўзининг ранг-баранг ва ижодий муҳити, кўплаб галереялари, кафелар ва кўча санъати иншоотлари билан машҳур. Ужуписга тўғридан-тўғри Вильнюсдан Император кўприги орқали етиб бориш мумкин.
Себорга князлиги
Себорга ўзини Италиядан ажралган мустақил давлат сифатида даъво қилади, у ўз байроғи, пул бирлиги ва ҳукуматига эга. 1960 йилларда маҳаллий аҳоли Себорга ҳеч қачон XIX асрда Италияни бирлаштирган Савоярд сулоласи томонидан расман Италияга қўшилмаганлигини кўрсатган кўп асрлик ҳужжатни топиб олди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Италия томонидан тан олинмаганлигига қарамай, Себорганинг ўз мустақиллиги учун курашни давом эттирадиган кичик, содиқ аҳолиси бор. Франция-Италия чегараси яқинида жойлашган князликка энг яқин аэропорт Ницца шаҳрида жойлашган.
Ладония
Швециянинг жануби-ғарбий соҳилида жойлашган Ладония ҳеч бир ҳукумат ёки халқаро ташкилот томонидан тан олинмаган, унинг 20 нафарга яқин кам сонли аҳолиси бор. Бу виртуал давлат ўз байроғи, валютаси ва ҳатто давлат мадҳиясига ҳам эга.
Ладония ўзининг ноёб табиий ландшафтлари, жумладан, бутун дунёдан ташриф буюрувчиларни ўзига тортадиган “Нимис” улкан ёғоч иншоотлари билан машҳур. Шунингдек, Швеция ҳукумати билан ўз ерларига эгалик қилиш ва бошқариш бўйича давом этаётган ҳуқуқий тортишувлари билан ҳам эътиборни тортади. Ладония фуқаролигини олиш учун онлайн ариза беришгина кифоя.
Молоссия республикаси
1999 йилда Кевин Баугх, тўғрироғи, “Молоссия президенти, Жаноби олийлари” бу ҳудуд ерларини мустақил давлат деб эълон қилди. Молоссия AҚШнинг Невада штатидан 55 километр жануби-шарқда жойлашган.
Мамлакат аҳолиси 30 нафарга яқин. Унинг ўз армияси, денгиз флоти ва ҳаво кучлари бор. Кичик ҳажмига қарамай, Молоссия ноёб маданий ўзига хослигини сақлаб, бутун дунёда тинчлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни тарғиб қилишга интилиб келмоқда.
Вевчани республикаси
Вевчани республикаси Югославия парчаланганидан кейин 1991 йилда Шимолий Македония ҳудудида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган давлат сифатида мавжуд эди. Сайёҳларни жалб қилиш учун Вевчани Республикаси 2000 йилда виртуал давлат сифатида қайта рўйхатдан ўтди.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.