Вирусдан даволаниш учун шифохонага боришга қўрққандим…
Мана неча ойдирки, барчамиз коронавирус хасталигидан ҳимояланиб, у ҳақда маълумотларга эга бўлиб келяпмиз. Аммо инсон бошига тушганда гарчи мутахассислар томонидан минг бор огоҳлантирилганимизга қарамасдан, барибир ваҳимага тушиб қоларкан, киши.
Ўша кунлари аввал менинг, кейин онамнинг ҳарорати кўтарилди. Шифокорлар тавсия қилганидек, ҳарорат туширувчи дориларни истеъмол қилдик, ўзимизни бошқа оила аъзоларимиздан алоҳидаладик. Бир неча кун кетма-кет иссиғимиз кўтарилавергач, шифокорларга мурожаат қилдик. Чунки бу пайтга келиб нафас олишимиз қийинлаша бошлаган, ўзимизни жуда ҳам ёмон ҳис қилаётгандик.
Шифохонага ётишдан аввалига қўрққан бўлсак, (кейинги пайтларда ижтимоий тармоқларда шифохоналар ҳақида турли гап-сўзларни эшитганимиз учунми, бироз иккилангандик), аммо аҳволимиз оғирлашгач, бошқа илож йўқлигини тан олдик. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётганимиздан сўнг, дарҳол муолажа олишни бошладик.
Тўғриси, ижтимоий тармоқларда ёзилган гап-сўзлар умуман ҳақиқатга тўғри келмаслигини англадим. Шифокорлардан тортиб, ҳамшираларгача бизга тиббий муолажадан ташқари, шунчалик катта далда беришдики, доридан кўра тиббиёт ходимларининг муомаласи, ширин сўзидан кўпроқ даво топдик.
Вирус юқтириб олган киши яхши овқатланиши керак, дея уйдагиларимиз доим хавотир олиб, бизга овқат олиб келишга уринарди. Аммо тўғриси, шифохонанинг таомлари шунчалик сифатли, ширин ва хилма хил эдики, уйдагиларга бизга овқат олиб келишга уринмасликларини тайинладик. (Уни ичкарига олиб киришнинг иложи ҳам йўқ-да).
Шифохона бош шифокори Ибодулла Каримов бошчилигидаги шифокорлар Бекзод Қурбонов, Зейнат Раҳимова, Дилфуза Амонова, ҳамширалар Гулнора Болтаева, Гули Тожибоева, ўрта тиббиёт ходимлари Озода Баҳромова, Фароғат Турсуновалардан жуда миннатдормиз. Бизни ҳаётга қайтарган тиббиёт ходимларига таъзим қиламиз. Инсон ўзи учун эмас, кўпроқ яқинлари учун қайғурар экан. 60 ёшга яқинлашган онамнинг нафас олиши қийинлашганини кўриб, хавотирга тушиб, ваҳимада қолгандик. Шифокорлар кўзимизга нажот фариштаси бўлиб кўринди. Ҳозир ижтимоий тармоқлардаги баъзи гапларга ишонмай қўйдим. Чунки шифохоналаримиздаги шароит жуда яхшилигига ўзим гувоҳ бўлдим.
Гулноза АБДУРАҲМОНОВА,
Самарқанд шаҳри.