Владимир Зеленский Жо Байден билан учрашиш учун Вашингтонга борди

Украина презденти Владимир Зеленский Вашингтонга келди. Кун тартибида: АҚШ Президенти билан учрашув.

Расмий ташриф АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан музокара билан бошланади. Жо Байден эса Зеленскийни эртага, 1 сентябрда қабул қилади. Бунгача давлат раҳбарларининг учрашуви бир неча бор қолдирилган эди.

"Ташрифнинг асосий мақсади – президентлар яқиндан танишуви ва Украина хавфсизлиги, Европанинг бу қисмида демократияни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатни ўзгартириш борасида батафсил суҳбат ўтказиш", деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба.

Ташриф чоғида Владимир Зеленский Вашингтондан Киевга ҳарбий ва молиявий ёрдамни, хусусан, АҚШ кафолатланган облигациялар чиқариш учун ёрдамни сезиларли даражада оширишни сўрайди, дея хабар беради Financial Times манбалари. Украина президенти идораси ёрдам миқдори Афғонистон Қўшма Штатлари қўллаб-қувватланишига таққосланишига умид қилмоқда.

Шунингдек, Владимир Зеленский Украинанинг НАТОга кириши масаласини ўртага ташламоқчи.

"Америка Қўшма Штатлари европалик шериклари Украинанинг алянсга аъзолигига қарши эканлигини тушунади, чунки улар Россия билан зиддиятдан қўрқишади. Вашингтон Европа ва айниқса Германия билан ҳамкорлигини мустаҳкамламоқчи. Шунинг учун у Европа етакчилари позицияси билан ҳисоблашишга мажбур", деди сиёсатшунос Дмитрий Фесенко.

Бундан ташқари, Украина президенти "Шимолий оқим-2" мавзусига тўхталади ва газ транзити шартномасини яна узайтириш мақсадида Москвага босимни оширишни сўрайди. Киевга йилига 3 миллиард долларга яқин даромад келтирадиган амалдаги келишув 2024 йилда тугайди.

"Биз Шимолий оқим-2 "муаммосини компенцация билан ҳал қилиб бўлмайди, деган фикрда қатъий турибмиз. Газ қувури Украина хавфсизлигига таҳдиддир, чунки агар Украина орқали газ транзити бўлмаса, Москва ва Киев ўртасида кенг кўламли уруш хавфи бор. Бу ҳам Украина, ҳам АҚШ ва Европа учун манфаатсиз", дея ишонч билдирди «Нафтогаз» раҳбари Юрий Витренко.

Вашингтонга сафар Владимир Зеленскийнинг АҚШга биринчи расмий ташрифидир. У бунга икки йил интилди, лекин Байден маъмурияти кутилмаганда Украина президенти билан учрашиш фикрига совуққонлик билан қаради.

Гулнора Холдорова тайёрлади.