Владивостокда 4 нафар ўзбекистонлик ҳаётдан кўз юмди
Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги (Россия) Бош консулхонаси маълумотига кўра, 2019 йил 24 октябрь куни ушбу шаҳарда содир бўлган ёнғин оқибатида Бухоро вилоятидан келган 3 нафар Ўзбекистон фуқароси О.Ж., К.Т. ва Ж.Б. вафот этди.
ТИВ хабарига кўра, консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинганидан сўнг 26 октябрь куни ҳамюртларимизнинг жасадлари «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг “Владивосток-Тошкент” йўналишидаги рейси билан ватанга юборилди.
Шунингдек, 27 октябрь куни Владивосток шаҳри болалар касалхонасида соғлиги ҳолатининг ёмонлашгани сабабли Ўзбекистон фуқароси И.Б. вафот этди.
Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олди ва Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Москва шаҳридаги ваколатхонаси билан биргаликда марҳуманинг жасадини ватанга юбориш билан боғлиқ масалаларни ҳал қилмоқда.
Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган ҳамда эслатиб ўтишича, Россиянинг Узоқ Шарқ федерал округи (Амур области, Камчатка ўлкаси, Магадан области, Приморье ўлкаси, Саха Республикаси (Ёқутистон), Сахалин области, Яҳудий автоном вилояти, Хабаровск ўлкаси, Чукотка автоном округи) ҳудудида жойлашган фуқаролар зарур вазиятларда мамлакатнинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7-423-260-48-00, +7-951-018-70-07.