Водород электромобилларга чек қўядими?
Электромобиллар учун батареялар ишлаб чиқарувчи улкан корхоналар дунё бўйича ишланмаларга миллиардлаб доллар сарфлашмоқда. Агар водороддан фойдаланиладиган, атроф-муҳит мусаффолигига зарар етказмайдиган, нисбатан тоза ёнилғи технологияси татбиқ этиладиган бўлса, электромобиллар сариқ чақага арзимай қолиши тайин, деб ёзади “Мир Новостей” (2021 й, 9-сон).
Америка ОАВ ҳозирда етакчи компаниялар янги автомобиль ёнилғиси устида олиб бораётган ишлар ниҳоясига етса, электромобиллар яратишга катта сармоя киритаётган корчалонлар бозори касод бўлиши ҳақда огоҳлантирмоқда. Улар янги келажак ёнилғиси – зангори водород муҳитга умуман зарарли газ чиқармаслиги билан одатдаги олтингугуртли водороддан устун туришини таъкидлашмоқда.
Ушбу ёнилғи билан ишлайдиган автомобиллар электромобиллардан катта устунликка эга бўлади. Водородли энергетика ячейкасига эга техника аллақачон жаҳонда татбиқ қилина бошлади. Бунда водородли машиналар ишлаб чиқаришни сармоя билан таъминлаётган "Тойота" етакчилик қилмоқда. Электрокимёвий реакция натижасида ишлайдиган электромоторли машиналар ишлаб чиқариш кўпаймоқда. Илон Маск водородли технологиянинг жадал ривожланиши ўзининг автомобиль заводлари ва батарея фабрикаларини касодга учратишидан таҳликага тушмоқда. У зўр бериб электромобилларнинг афзаллигини таъкидлашга ўринмоқда.
Электромобиллар ҳақиқатан ҳозирча устун бўлиб турибди – сифатлари яхшиланяпти, зарядлаб олиш шохобчалари кўпаймоқда. Аммо зангори газ – водородга катта сармоя киритиладиган бўлса, электромобиллар сариқ чақага қиммат бўлиб қолади.
АҚШ суюқ углеводород ёнилғисига ўтиш учун жиддий қизиқиш билдирмоқда. Гап шундаки, бундай ёнилғидан фойдаланилганида атиги иссиқлик ва сувгина ажралиб чиқади. Илон Маскнинг "Тесла" электромобиллари батареяси бир заряди 250 милча йўл босишга етса, водород билан баки тўлдирилганда автомобиль 300 мил йўл босишга етади. Тўғри, бундай машиналарни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишдан аввал, ёнилғи қуйиш шохобчаларини барпо этиш зарур бўлади.
Т.Шомуродов тайёрлади.