WBA рейтингида ўзбек боксчилари нечанчи ўринда?
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Жаҳон бокс ассоциацияси (WBA) боксчиларнинг 2020 йил декабрь ойи якунлари бўйича янгиланган рейтингини эълон қилди.
Рейтингдан 6 нафар ўзбекистонлик боксчи ўрин олган.
Ушбу рейтингда ҳамюртимиз Муроджон Аҳмадалиев иккинчи енгил вазн тоифасида (-55,3 кг.) чемпион сифатида қайд этилган.
Биринчи ярим ўрта вазн тоифасидан (-63,5 кг.) икки нафар вакилимиз ўрин олган. Янгиланган рейтингда Рио-2016 олимпиадаси совриндори, жаҳон чемпиони Шаҳрам Ғиёсов 6-поғонада қайд этилган бўлса, яна бир вакилимиз Шоҳжаҳон Эргашев 8-ўринни эгаллаб турибди.
Биринчи ўрта вазн (-69,85 кг.) тоифасидаги ҳамюртимиз Исроил Мадримов эса 1-ўринда қайд этилган ва у чемпионлик камари учун биринчи рақамли даъвогарга айланди.
Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги боксчимиз Бектемир Мелиқўзиев (-76,2 кг.) эса ноябрь ойида ажойиб ғалабага эришган бўлса-да, ҳамон 14-ўринда бормоқда. У айни пайтда WBA Соntinental Амеriсас камари соҳиби ҳисобланади.
Ярим оғир вазн тоифасида (-79,3 кг.) рингга кўтарилаётган Рустам Тўлаганов ҳам аввалги ойдаги 14-ўрнини сақлаб қолган.