Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши, халқ депутатлари Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманлари кенгашлари қўшма қарори

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида фуқароларнинг ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқини амалга оширишда, қабул қилинаётган қарорларнинг сифати учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг масъулиятини оширишга қаратилган қонунчилик ҳужжати сифатида 2014 йил 5 майда "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун қабул қилинди.
Вилоят Кенгаши ишчи гуруҳи томонидан 2013 йилда Каттақўрғон ва Қўшработ туманларида "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун лойиҳаси бўйича ҳуқуқий эксперимент доирасида бирмунча ишлар амалга оширилганлиги ўрганилган.
2017 йил давомида туман ҳокимларининг қарорларидан атиги 11 таси Қўшработ ("Истиқлол сари") ва Каттақўрғон ("Каттақўрғон тонги") туман газетасида чоп этилган. Бироқ 2017 йил давомида туман кенгаши ҳамда бошқарув органлари томонидан қабул қилинган қарорлар матбуотда эълон қилинмаган, туман веб-сайтига жойлаштирилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 9 декабрда қабул қилинган "Республика давлат бошқаруви органлари тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони талабидан келиб чиққан ҳолда давлат бошқарув органи рўйхати туман ҳокимлигида тўлиқ шакллантирилмаган.
"Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонуннинг 12-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни эълон қилиш (чоп этиш) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг расмий нашрлари, веб-сайтлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари орқали амалга оширилиши кўрсатилган бўлса-да, 2016 ва 2017 йиллар давомида бирорта ҳам давлат бошқаруви органи бевосита ўз фаолияти юзасидан газета ва оммавий ахборот воситалари орқали чиқиш қилмаган.
Қўшработ ва Каттақўрғон туманларини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурлари ва бошқа ҳудудий дастур бандлари ҳам туман ҳокимлиги томонидан маҳаллий газета таҳририятига етказилмаган, ҳокимлик веб-сайтларига жойлаштирилмаган. Ҳозиргача бу дастур ижроси бўйича газетада туманда қилинган ишлар бўйича маълумотлар берилмаган.
Каттақўрғон туман ҳокимлиги веб-сайтининг "Маҳаллий кенгаш" бўлимида халқ депутатлари Жомбой туманининг "Жомбой туман маҳаллий бюджетини шакллантириш" мавзусида материал киритилган.
Аксарият ташкилотларда ташкилот фаолиятига оид стендлар қонун талаби асосида ташкил этилмаган, бу ишга мутасадди ходим бириктирилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонунининг ижросини таъминлаш мақсадида халқ депутатлари вилоят, Каттақўрғон ва Қўшработ туманлари Кенгашлари ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

1. Ўзбекистон Республикаси "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонун талабларининг Қўшработ ва Каттақўрғон туманидаги ижроси юзасидан ишчи гуруҳи раҳбари О.Ахтамовнинг ахбороти маълумот учун қабул қилинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида"ги Қонуни ижроси Қўшработ ва Каттақўрғон туманларида талаб даражасида эмаслиги таъкидлансин.
3. Қўшработ (Ҳ.Оқбўтаев) ва Каттақўрғон (А.Баҳромов) туманлари ҳокимликларининг веб-сайтга мутасадди ходимларига туман молия, ғазначилик, маданият ва спорт ишлари бўлими, туман бандликка кўмаклашиш маркази раҳбарларига ўз фаолиятларини қонун талаблари асосида қайта кўриб чиқиши зарурлиги қайд этилсин.
4. ТАТУ Самарқанд филиали (А.Холжигитов)га Каттақўрғон ва Қўшработ туманлари ҳокимликларининг веб-сайтини янгилаш, ягона портал хизматини йўлга қўйишда амалий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.
5. Шаҳар ва туман ҳокимлари, вилоят бошқарма, корхона ва ташкилотлар раҳбарларига:
– 25 декабрга қадар жойларда жамоатчилик иштирокида йил якунлари бўйича матбуот конференциялари ўтказиш;
– веб-сайтларнинг мунтазам янгиланиши ва маълумотлар билан таъминланишини шахсан назорат қилиш;
– ҳар бир идорага кириш ёки келувчиларга қулай жойда идора фаолиятига оид стендларни ташкил этиш вазифаси топширилсин.
6. Вилоят телерадиокомпанияси (Ф.Тўраев), вилоят "Зарафшон" ва "Самаркандский вестник" газеталари бирлашган таҳририяти (Ф.Тошев), "Овози Самарқанд" газетаси (Б.Раҳмонов), шаҳар ва туман ҳокимликларига қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш, ягона портал хизмати ва веб-сайтлар фаолиятига оид таҳлилий материалларни мунтазам бериб бориш тавсия этилсин.
7. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича доимий комиссияси (О.Ахтамов)га ҳамда халқ депутатлари Каттақўрғон (А.Баҳромов) ва Қўшработ (Ҳ.Оқбўтаев) туманлари Кенгашлари раисларига юклатилсин.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши
раиси Т.ЖЎРАЕВ

Халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши раиси
Ҳ.ОҚБЎТАЕВ
Халқ депутатлари Каттақўрғон туман Кенгаши раиси
А.БАҲРОМОВ

2017 йил 18 декабрь