Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясининг самарқандлик сайловчиларга мурожаати
Ҳурматли сайловчилар!
Муҳтарам отахон ва мунис онахонлар! Мамлакатимиз таянчи бўлган азиз ёшлар!
Мамлакатимиз улкан сиёсий жараёнлар оғушида турибди. 2019 йил 22 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлигига навбатдаги сайловлар бўлиб ўтади.
Бу йилги сайловлар “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида кўтаринки руҳда, мамлакат тарихида илк бор жорий йилнинг 25 июнь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтказилмоқда.
Мазкур сайловларда республика миқёсида 20 миллион нафардан ортиқ, жумладан, вилоятимиздан 2 миллион нафардан кўпроқ сайловчи иштирок этади.
Овоз бериш жараёнлари вилоятимиз ҳудудида ташкил этилган 1052 та сайлов участкаларида амалга оширилади. Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имконига эга бўлмаган сайловчилар амалдаги қонунчилигимизга кўра, мазкур учкасткаларда муддатидан олдин овоз бердилар. Бу саъй-ҳаракатларни хорижий мамлакатлардан келган халқаро кузатувчилар ҳам эътироф этмоқда.
Сайлов кодексининг 37-моддасига асосан мамлакатимизда фаолият юритаётган Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси томонидан депутатликка номзод этиб кўрсатилган кишилар, халқимиз ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган юртдошларимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинган.
Азиз самарқандликлар!
Сайловда ҳар бир сайловчи ўзи истиқомат қилаётган ҳудудидан кўрсатилган депутатликка номзодлардан бирини сайлаш ҳуқуқига эга.
Овоз бериш жараёни 22 декабрь куни эрталаб соат 08.00 дан бошланиб 20.00 га қадар давом этади.
Ишонамизки, ҳар бир сайловчи “Ватан келажаги учун овоз бераман!” деган эзгу шиорга амал қилиб, ўзига тегишли сайлов участкасига шахсан бориб, конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда жонажон Ўзбекистонимизнинг нурли истиқболи йўлида ўзи истаган, муносиб номзодга овоз беради!
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизни кириб келаётган янги – 2020 йил билан табриклаймиз. Янги йилда янги зафарлар ва оилавий бахт тилаймиз!
Салоҳиддин НУРИЕВ,
халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссияси раиси.