Халқ таълими вазири «соҳага адашиб кириб қолганлар»га бошқа иш топишни тавсия қилди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов телеграм каналида мактаблардаги ижобий ўзгаришлар, ОТМларга кириш бўйича таҳлилий маълумотларни эълон қилди.

"1,5 миллион абитуриентнинг атиги 23 фоизи бу йилги мактаб битирувчилари бўлган. Улар давлат гранти квотасининг 50 фоизини эгаллаган. Қолган абитуриентларнинг умумий натижаси мактаб битирувчилариникидан анчагина орқада бўлди.

ОТМга биронта ҳам ўқувчиси кирмаган мактаблар сони 3 баробарга камайган, ўтган йили 2126 та бўлса, бу йил 692 тага тушган. Бунга ўтган йилдан бундай мактаб раҳбарларини лавозимига лойиқлигини жиддий кўриб чиқиш бошлангани катта туртки бўлган.

Шунинг учун ўз ишига фидойи бўлган педагогларга ушбу ўзгаришларга сабаб бўлганлари учун миннатдорчилик билдирамиз ва келгуси фаолиятларига муваффақиятлар тилаймиз! Аксинча, бу соҳага адашиб келиб, аввалгидек пахта ва бошқа ортиқча ишлар билан ўралашиб юришга ўрганиб қолганларга бошқа иш топишларини тавсия қиламиз", деб ёзган вазир.