Халқаро кузатувчилар Самарқанддаги округ комиссияси фаолияти билан танишди

Муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш мақсадида мамлакатимизда иш бошлаган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси чекланган миссияси узоқ муддатли кузатувчилари Ойвинд Сейм ва Ребекка Мейер бугун 7-Самарқанд округ комиссияси фаолияти билан танишди.

Округ комиссияси раиси Х.Муҳаммадиев жорий йилнинг 9 июль куни ўтказиладиган Ўзбекистон Президенти сайлови кампанияси доирасида округ комиссияси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

– Марказий сайлов комиссиясининг тегишли қарори билан Самарқанд вилояти чегараси доирасида 7-Самарқанд сайлов округи тузилган ва округ комиссияси 21 кишидан иборат таркибда тасдиқланган, – деди Х.Муҳаммадиев. – Округ ҳудудида 1112 та сайлов участкаси тузилган ва уларнинг таркибини тасдиқлаганмиз. Участка сайлов комиссиялари таркиби 11 823 нафардан иборат. Уларнинг 77 фоизи аввал сайлов ва референдумларда қатнашган, бу борада тажрибага эга. Олий маълумотлилар 78 фоиз. Хотин-қизлар 44 фоиз, 30 ёшгача бўлган ёшлар 15 фоиз. Шунингдек, комиссия аъзоларининг 140 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этмоқда. Айни пайтда участка сайлов комиссиялари аъзолари ўқитилмоқда.

Учрашувда ЕХҲТ ДИИҲБ кузатувчилари округ ҳудудида сайловга кўрилаётган тайёгарлик, участка сайлов комиссиялари таркиби, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқотининг бориши, муддатидан олдин овоз бериш тартиби, сайлов компаниясида оммавий ахборот воситаларининг иштироки ва бошқа масалалар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга комиссия раиси ва комиссия аъзоларини батафсил жавоб олдилар.
Шунингдек, учрашувда ушбу ҳафтада ЕХҲТ ДИИҲБ чекланган миссияси раҳбари Самарқандга келиб, жараёнлар билан танишиши қайд этилди.

7-Самарқанд округ комиссияси матбуот маркази