Халқаро кузатувчилари “Адолат” билан қизиқди
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампанияси бориши билан танишаётган ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг халқаро кузатувчилари Алессандро Бартолини ҳамда Лела Талиури “Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгашида бўлиб, партия фаоллари билан учрашди.
“Адолат” социал-демократик партияси вилоят кенгаши раиси Муҳиба Бобобекова партиянинг тарихи ва тизими, дастурий ғоя ва мақсадлари, таркибий тузилиши ҳақида маълумот берди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида партия ўз номзоди билан иштирок этаётгани, шу кунларда жойларда сайловолди ташвиқоти олиб борилаётгани ҳақида сўз юритилди.
– Сайловолди ташвиқотини олиб бориш учун барча сиёсий партияларга тенг шароит ва имконият яратилган, – деди М.Бобобекова. – Биз бу имкониятлардан фойдаланиб, жойларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказяпмиз, давлат оммавий ахборот воситаларида ажратилган бепул эфир вақти ва босма майдонидан фойдаланяпмиз. Ўз дастуримизни кенг тарғиб этяпмиз.
Халқаро кузатувчилар партия ташкилоти фаолияти ҳамда сайлов кампанияси юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.