Сўлим шаҳарчасидаги карантин марказидан 308 нафар фуқаро манзилларига жўнатилди

Коронавирус инфекциясининг аҳоли орасида кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида хориждан олиб келинаётган барча юртдошларимиз маълум муддатгача карантинда сақлаш мажмуаларига жойлаштирилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ушбу даврда ўтказилган тиббий кузатувлар ва диагностик таҳлиллар натижасига кўра, тождор вирус инфекцияси аломатлари аниқланмаган юртдошларимизга доимий яшаш манзиллари томон кетиши учун рухсат берилди.

Самарқанд шаҳридаги Сўлим шаҳарчаси ҳудудида жойлашган карантин марказидаги 308 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аломатлари аниқланмади. Эндиликда улар ўз яшаш манзилларига қайтиши мумкин. Ҳамюртларимизни марказлашган тарзда манзилига етказиш мақсадида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси томонидан махсус автобуслар ташкиллаштирилди. Ушбу автобусларда самарқандликлар ўз уйларигача элтиб қўйилган бўлса, бошқа вилоятлар аҳолиси Самарқанд темир йўл вокзалидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан ташкиллаштирилган махсус йўловчи поездларда яшаш манзиллари томон йўл олишди.

Йўловчиларга Самарқанд шаҳридаги автокорхоналарнинг 15 дан зиёд транспорт воситалар хизмат кўрсатди.

Бундан ташқари, Самарқанд темир йўл вокзалида Чирчиқ шаҳридаги карантин марказидан қайтган 59 нафар фуқаро кутиб олиниб, махсус ташкиллаштирилган автотранспорт воситаларида манзилларига етказилганлигини ҳам айтиб ўтиш лозим.

Жорий йилнинг 16 мартидан бошлаб 12 август санасига қадар 12 353 нафар юртдошларимиз Самарқанд халқаро аэропорти ва Самарқанд темир йўл вокзалида кутиб олинди ҳамда яшаш манзилларига беминнат етказилди. Уларнинг аксарияти самарқандликлар бўлса, қолганлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидан.

Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси Ахборот хизмати хабарига кўра, хизмат кўрсатувчи барча транспорт воситаларида белгиланган талаблар даражасида зарарсизлантириш ишлари олиб борилди.