Хитой илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади

Самарқанд давлат университетига Хитой Халқ Республикаси таълим вазири ўринбосари Сун Яо ҳамда Сиан Жиатонг университети вице-президенти Си Гуанг бошчилигидаги делегация келди.

Университети ректори Рустам Холмуродов билан ўтказилган музокараларда икки томон учун ҳам муҳим бўлган соҳалар: таълим, амалий ва фундаментал тадқиқотларда ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ҳамда кенг миқёсда тажриба алмашиш мақсадида илмий алмашинув лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, ҳамкорликда фаолият олиб борувчи фанлараро лойиҳалар устида ишлаш мақсадида "Хитой илмий-тадқиқот маркази"ни ташкил қилиш бўйича меморандум имзоланди. Келишувга кўра, марказнинг асосий вазифалари қилиб суғориладиган деҳқончилик минтақасида чекланган сув ва ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоларини ҳал қилиш, чанг бўронларининг келиб чиқиш сабаблари ва манбаларини аниқлаш ҳамда уларнинг ҳудудга салбий таъсирини юмшатиш, ер ва сув ресурсларини техноген ифлосланишдан тозалашнинг инновацион технологияларини ишлаб чиқиш, генетика, селекция ва уруғчилик ютуқларидан кенг фойдаланиш ҳисобига дала экинлари ҳосилдорлигини ошириш каби масалаларга ечим топиш кабилар белгиланди.

– Самарқанд давлат университети Хитой Халқ Республикасининг илм-фан, маданият ва таълимнинг кўплаб йўналишлари бўйича етакчи олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларига эга, - дейди ректор Р.Холмуродов, - Хитойнинг етакчи таълим муассасалари ва илмий ташкилотлари билан биргаликда амалга оширилаётган ишлар ҳамиша юқори натижаларга дахлдорлиги билан ажралиб туради. 

Аввалги учрашув ва музокараларда замонавий жамиятга таҳдид солувчи турли муаммоларни бартараф этиш механизмларини ишлаб чиқиш учун бир қатор қўшма лабораториялар ва фанлараро тадқиқот марказларини очиш имкониятларини муҳокама қилган эдик. Бу борадаги биринчи қадам – Сиан Жиаотонг университети ва СамДУ вакилларининг ҳамкорликдаги фаолиятини ифодаловчи “Хитой илмий-тадқиқот маркази”нинг очилиши бўлди. Ўйлайманки, бундай қўшма фанлараро марказнинг ташкил этилиши икки давлат олимларини бирлаштиради ва келгусида ҳамкорликка бошқа мамлакатлардан етакчи мутахассисларни таклиф қилиш имконини беради. Ўз навбатида, биз мазкур йўналишда жаҳон университетларининг истиқболли тадқиқотлари тажрибасини ўзлаштириш ва ўз шароитимизга мослаштириш, шунингдек, бундай муваффақиятли ишланмаларни минтақанинг қўшни давлатларида ҳам жорий этиш ва тарғиб этишга тайёрмиз.

Самарқанд давлат университети ахборот хизмати.