Хитой ва Ҳиндистон Украина инқирозида Россияни қўллаб-қувватлайдиган кўринади: Бунинг эвазига улар нима олишмоқчи?
Россиянинг Украинадаги ҳарбий операцияси Ғарб томонидан кутилган кескин муносабатга сабаб бўлди. Қўшма Штатлар, Европа Иттифоқи давлатлари ва Буюк Британия бир вақтнинг ўзида бир нечта санкциялар пакети, жумладан, Россия иқтисодиётининг молиявий, энергетика, транспорт ва технология соҳаларига қарши санкцияларни қабул қилди.
Visa ва MasterCard тўлов тизимларининг ишига чекловлар киритилгандан сўнг, кўплаб хорижий компаниялар Россияда ўз фаолиятини қисман ёки тўлиқ тўхтатганини эълон қилди. Бироқ, Хитой ва Ҳиндистон Россия билан ҳамкорликни кенгайтиришни режалаштира бошлади. “Осиё гигантлари” нима учун шимолий қўшнисини қўллаб-қувватлашга қарор қилди ва бунинг эвазига нимага умид қилмоқда?
Путин 24 февраль куни Украинада махсус операция бошланганини эълон қилганидан кейин Хитой расмийлари Кремль ҳаракатларини қораламади ва операцияни "босқин" деб атамади. Бироқ Си Цзинпин Россия-Украина вазиятини юмшатиш учун музокара столига ўтиришга чақирди ва Хитой барча давлатлар суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилишини айтди.
Ғарб давлатлари Россияга қарши санкциялар киритганидан сўнг, Хитой Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Чжао Лицзянь инқирозни ҳал қилишда иқтисодий чекловлар хавфи, жорий қилинган санкциялар ўзаро ва кўплаб иқтисодий йўқотишларга олиб келадиган глобал муаммоларни келтириб чиқариши ҳақида гапирди.
Ҳиндистон ҳам БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги овоз бериш чоғида Россиянинг Украинадаги операциясини қоралашдан тийилди. Давлат ҳукумати ҳануз бетараф – Хитойнинг сиёсий раҳбарияти сингари у ҳам Россия ҳаракатларини танқид қилишдан қочиб, ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва дипломатик мулоқотга қайтишга чақирмоқда.
Харьковда 22 ёшли ҳиндистонлик талабанинг ўлими Украинадаги инқирозга алоҳида эътибор қаратди. Ҳодиса Ҳиндистон жамиятида норозилик уйғотди ва бу Украинадаги 20 мингдан ортиқ ҳиндистонликларни эвакуация қилишни ташкил этиш учун зудлик билан чоралар кўриш талабига айланди.
Россия расмийларининг тезкор муносабати ва талабанинг ўлимини тергов қилиш ваъдаси юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни юмшатиш ва Ҳиндистон билан муносабатларни сақлаб қолиш имконини берди. Тўғри, бунда расмий Деҳлининг прагматик муносабати ҳам муҳим рол ўйнади: Ғарб давлатларининг санкциялари ва уларнинг Россияни иқтисодий жиҳатдан яккалаб қўйишга уринишлари нафақат Хитой, балки Ҳиндистон учун ҳам янги васвасага соладиган қисқа ва узоқ муддатли истиқболларни очди.
Осиё гигантлари
Бугунги кунда Хитой Россиянинг асосий иқтисодий ҳамкори ҳисобланади. Шунга қарамай, икки давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларда сезиларли номутаносиблик мавжуд. Хитой Россия билан умумий савдонинг қарийб 18 фоизини ташкил қилган бўлса, Россиянинг Хитой савдосидаги улуши икки фоиздан сал кўпроқни ташкил этди.
Санкциялар ва Ғарб мамлакатлари томонидан Россияга бир қатор юқори технологияли товарлар (микроэлектроника, денгиз ва навигация ускуналари), ҳарбий ва икки томонлама мақсадли маҳсулотлар, самолёт ва эҳтиёт қисмлар, авиация ва космик саноати маҳсулоти, нефтни қайта ишлаш ускуналари етказиб бериш тақиқи ва Россия энергиясига бўлган талабнинг пасайиши бу номутаносибликни янада кучайтирди.
Россиялик тадқиқотчи Василий Кашиннинг сўзларига кўра, Россияга нисбатан жорий этилган чекловлар Хитойни келгуси ўн йилларга мамлакатнинг асосий савдо ҳамкорига айлантиради, бу эса муқаррар равишда ҳарбий ва сиёсий соҳалар мувофиқлигига таъсир қилади. "Бунда барчаси аниқ бўлади. Биргина Хитойга боғлиқ вазият баъзи сиёсий тузатишларни талаб қилади", деб ҳисоблайди эксперт.
Бундай шароитда Ҳиндистон билан ҳам кўпинча ўз интилишларидан келиб чиққан ҳамкорлик Россия манфаатларига зид келмайдиган глобал ва минтақавий миқёсда айниқса аҳамиятли бўлади.
Бугунги кунда Ҳиндистон ўғит, ёғ ва ўсимлик мойи импорти бўйича етакчи, Россия томони эса ушбу товарларнинг асосий етказиб берувчиларидан бири ҳисобланади. Ҳиндистон томони углеводород ва ўғитлардан ташқари Россиядан ҳарбий-саноат комплекси маҳсулотлари ва атом энергетикасини сотиб олади. Ўз навбатида Ҳиндистон Россияга фармацевтика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлар экспорт қилади.
Бироқ, давлатлар ўртасидаги савдо айланмаси Россия-Хитой ҳамкорлигидан сезиларли даражада паст. Ўтган йили у Ҳиндистон ва Россия ўртасидаги савдо алоқалари тарихидаги рекорд кўрсаткич – қарийб 12 миллиард долларни ташкил этган. Ҳозирда томонлар товар айланмасини кескин оширишга бел боғлаган. Аммо бу истакка Россиянинг SWIFT тизимидан узилиши мамлакатга юборилган 500 миллион долларлик товарни фалаж қилди.
The Hindu газетасининг ёзишича, Ҳиндистон ҳукумати Россияга қарши Ғарб санкцияларининг Ҳиндистон иқтисодиётига таъсирини ўрганиш бўйича гуруҳ тузишни буюрган. Унинг таркибига озиқ-овқат ва истеъмол, ўғит, савдо, ташқи ишлар, нефть ва табиий газ вазирликлари вакиллари кирди.
Алексей Куприянов, ИМЕМО РАС катта илмий ходими:
- Ҳиндистонликлар Ғарб санкциялари натижасида Россия Хитой билан янада яқинлашиши мумкинлигидан ниҳоятда хавотирда ва бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун улар Россия билан кейинги ҳамкорликни қисқартиришга шошилмаяпти - чунки бу Россияни Хитойнинг "қўйнига солиб қўяди".
Россия иқтисодий маконида пайдо бўлган бўшлиқларга қарамай, Пекин ҳам, Нью-Деҳли ҳам Вашингтон билан яқин савдо алоқаларига эга. Шундай қилиб, Қўшма Штатлар Хитойнинг АСЕАН ва ЕСдан кейин учинчи йирик савдо шериги ҳисобланади. 2021 йилда Хитой ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 755,6 миллиард долларни ташкил этган.
АҚШга Ҳиндистон ва Хитойдан Россияга қарши санкциялар режимига риоя қилишни талаб қилишга кенг иқтисодий алоқалар имкон беради. Чунки иккала давлатда ҳам хорижий технологиялар, Ғарб интеллектуал мулки, Европа ва Америка компанияларининг таркибий қисм ва ишланмаларини етказиб беришга эҳтиёж мавжуд. Оқ уй эса аллақачон Россия қуроли импорти ва Украинадаги махсус операция бўйича позицияси туфайли Ҳиндистонга қарши санкциялар қўллашга тайёр.
"Ҳиндистон ҳозирда АҚШнинг хавфсизлик бўйича ҳақиқатан ҳам муҳим ҳамкори ва биз буни қадрлаймиз. Умид қиламанки, Ҳиндистон раҳбарияти Россиядан узоқлашиш вақти келди деган қарорга келади", дейди АҚШ давлат котиби ёрдамчиси Доналд Лу.
Худди шундай қаршиликлар Хитойга ҳам қаратилган. Оқ уй матбуот котиби Жен Псаки Хитойга Россия санкцияларини бузгани учун Қўшма Штатлар томонидан "ёмон оқибатларга олиб келишини" ваъда қилди.
Россия эксперти Кашиннинг қайд этишича, Хитойга қарши санкциялар қўллаш Россияга нисбатан санкциялар қўллашдан кўра хавфлироқдир. Унинг таъкидлашича, Хитой иқтисодиёти кўплаб асосий ишлаб чиқариш занжирларини назорат қилади ва кўплаб Америка корхоналари учун асосий бозор ҳисобланади. Бу эса Хитойга нисбатан анча эҳтиёткор санкциялар босимини талаб қилади.
Хитой расмийлари Украинадаги махсус операция фонида Россияга иқтисодий ёрдам юборишга қарор қилгани ҳақида Британиянинг The Guardian газетаси хабар берди. Манбанинг таъкидлашича, Пекин Москва билан ҳамкорликка жиддий ёндашади, чунки гўёки бундай ташаббус Путин билан «АҚШга мустабид сифатидаги қараш»да ҳамфикр Си Цзинпиндан чиққан.
Ҳиндистон ҳам Россия билан ҳамкорликдан бош тортмоқчи эмас. Мамлакатлар ҳатто рубль ва рупийдаги савдо ҳисоб-китобларига ўтиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Янги механизм Ҳиндистон экспортчиларига ўз товарлари учун тўловни доллар ва еврода эмас, балки маҳаллий валютада тўлаш имконини беради. Бунинг учун Россия банки Ҳиндистонда ва ҳинд ҳисобини Россияда очиш кўзда тутилмоқда.
Афтидан, Россия Хитой ва Ҳиндистон учун стратегик шерик бўлиб қолади. Бироқ, Россия бошқа альтернативаларини йўқотиши шароитида ҳамкорлик номутаносиб бўлади. Катта эҳтимол билан Россия томони Ҳиндистон-Хитой муносабатларида воситачи ролини сақлаб қолади. Ҳиндистон ҳарбий-саноат комплекси товарлари етказиб берувчисини йўқотишдан ҳамда Россия ва Хитой ўртасидаги жадал яқинлашишдан ҳайиқса, Хитой, ўз навбатида, Ҳиндистоннинг АҚШ билан яқинлашишига йўл қўймаслик учун Россия-Ҳиндистон ҳамкорлигини бузишдан манфаатдор эмас.
Г.Холдорова тайёрлади.