Хитой янги турдаги коронавируснинг вужудга келиши билан боғлиқ текширувга ЖССТ қатнашишига йўл қўймаяпти

Хитой ҳукумати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан янги турдаги коронавируснинг вужудга келиши билан боғлиқ текширувларда қатнашиш учун юборилаётган сўровнамаларга рад жавобини бериб келмоқда. Бу ҳақда ЖССТнинг Хитойдаги вакили Годен Галеа маълум қилди.

Галеанинг таъкидлашича, ЖССТ янги эпидемияларнинг олдини олиш учун коронавирус қандай тарзда вужудга келгани ва унинг пайдо бўлиш омилларини билиши ўта муҳим.

“Миллий текширувлар олиб борилаётганидан хабаримиз бор (Хитойнинг ўзида). Аммо биз у ерга таклиф қилинмадик. ЖССТ Хитой соғлиқни сақлаш тизими ва ҳукуматига сўравнома юборишда давом этади”, деди Галеа Британиянинг Sky News телеканали билан бўлган суҳбатда.

Бундан ташқари, у Хитой ҳукумати ЖССТга Ухандаги вирусология лабораториялари билан боғлиқ хужжатлар билан танишиш имконини бермаганини таъкидлаб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, ЖССТ вируснинг сунъий эмас, табиий вужудга келганига шубҳа қилмаяпти. “Бироқ лабораторияда қайд этилган ёзувлар вируснинг вужудга келиши борасидаги ҳар бир баёнотнинг, ўтказилган ҳар бир тадқиқотнинг ажралмас қисми бўлиши лозим”, қўшимча қилди Галеа.