Хитойча “гамбит”
Дунёдаги воқеалар кундан кунга шунчалик тез ўзгариб бормоқдаки, кеча айтилган сўз бугунга тўғри келмай қоляпти. Агар ёдингизда бўлса, муқаддам чоп этилган мақолаларимиздан бирида Хитой Халқ Республикасининг халқаро сиёсат бобида бетарафлик тутумида қатъий турганлиги ҳақида тўхталган эдик.
Бугун энди яна шу мавзуга қайтишга тўғри келяпти. Нега десангиз, раис Си Цзиньпин шахсан ўзи президент Зеленскийга қўнғироқ қилиб, Хитой томони Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиши ва бу борада Украина билан бирдам эканлигини изҳор қилди. Яқинда БМТда Россияни босқинчи мамлакат деб тан олиш ҳақидаги резолюцияга ҳам Хитой вакили Украинани ёқлаб овоз берди.
Умуман, кейинги вақтда ушбу масала бўйича Москва учун халқаро миқёсда катта муаммолар пайдо бўлмоқда. Масалан, Россия томони Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларни кўпи билан бир ой ичида якунлашни режалаштирган эди. Бултур 18 март куни Киевда, 9 май куни Москвада тантанали ғалаба паради ўтказилиши мўлжалланганди. Воқеаларнинг кейинги оқими бу режаларнинг барчасини пучга чиқарди. Аксинча, украиналиклар рус армиясига қаттиқ қаршилик кўрсатиб, ҳатто улар босиб олган кўпгина шаҳар ва қишлоқларни озод қилишди. Бироқ бу ҳарбий ҳаракатлар ҳали-бери тугамайдиганга ўхшаб боряпти.
“Уруш 2023 йилдан кейин ҳам узоқ давом этади”, деб ёзади “Ruyters” ахборот агентлиги. Нашрнинг ёзишича, Россиянинг Донецк областини эгаллаши даргумон. Чунки бу тактика Москванинг ҳарбий режаларини барбод қилиши мумкин бўлган куч ва ўқ-дориларни йўқотишга олиб келди. Айнан шу ҳолат узоқ давом этадиган урушни келтириб чиқаради. Шунингдек, хабарда қайд этилишича, Россия ҳам, Украина ҳам жангни узоқ муддат давом эттириши мумкин. Бунда Россиянинг ички имкониятлари етарли омил бўлса, Украина томонида бутун бир Ғарб дунёси турганлигини эътибордан соқит қилмаслик керак.
Ҳақиқатан ҳам, мана бир йилдирки, қонли жангларнинг поёни кўринмаяпти. Шу давр ичида ким нимага эришди, деган ҳақли савол пайдо бўлади. Россия томони ўз олдига қўйган мақсадларига эришдими?
Бизнинг фикримизча, мутлақо тескариси келиб чиқди. Айтайлик, Украинани қуролсизлантиришга бўлган уриниш унинг замонавий ҳарбий техника билан қайта қуролланишига сабаб бўлди. Рус ҳукмронлигини ўрнатиш эса нафақат Украина, балки дунё миқёсида кучли русофобиянинг шаклланишига сабаб бўлди. НАТОни чегаралардан нарироққа суришга интилиш Финландия ҳисобига яна бир неча юз километрга яқинлаштирди. Энди НАТО ракеталари Россия чегарасига 20 сонияда етиб келадиган бўлди. Хавфли сарҳадлар яна 1300 километрга узайди. Финландиянинг НАТОга қўшилиши иттифоқнинг 74 йиллик тарихида энг тез содир этилган жараён бўлди. Яна бунинг устига Швеция ҳам Шимолий Атлантика ҳарбий ташкилотига қўшилгудек бўлса, бу Россия томони учун жуда йирик нохушлик бўлиши аниқ. Бунинг маъноси шуки, Болтиқ денгизи НАТО учун ички бир ҳудудга айланиб қолади. Охирги воқеаларнинг энг ёмон оқибати: Россия Ғарб тамаддуни ва иқтисодиётидан узилиб қолди. Бир вақтлар шўро раҳбарларининг саъй-ҳаракатлари билан боғланган иқтисодий ришталар тамомила узиб ташланди. Натижада Москва ташқи дунёдан узилиб, яккаланиб қолди. Ғарб мамлакатлари томонидан жорий этилаётган сиёсий-иқтисодий чекловлар охир-оқибат яхшиликка олиб келмаслиги кундан-кунга аён бўлиб бормоқда.
Гап Финландия ҳақида кетар экан, бир вақтлар Ғарб мамлакатлари Москвага Украинани “финландлаштириш”ни таклиф қилишган эди. Бунинг маъноси: Россия Украинани Европа Иттифоқига киришига қаршилик қилмаслиги ва бунинг эвазига бетараф мамлакат шаклида Европа билан Россия ўртасида буфер давлатга айланиши лозим эди. Аммо бунга Кремль тиш-тирноғи билан қарши турди, Киевнинг Ғарб томон қилган ҳар бир ҳаракатига қақшатқич зарбалар берди. Бунинг энг юқори чўққиси Қрим ярим оролининг Украинадан тортиб олиниши бўлди. Эндиги оқибат шуки, Финландия “украинлашиб”, бетараф давлат мақомини батамом йўқотиб, Москва учун душман мамлакатга айланди. Бундан ким ютди-ю ким ютқазганлигини билиб олиш қийин эмас.
“Ғалабанинг отаси кўп, мағлубият – ғирт етим”, деган ибратомуз нақл бор. Шу маънода, хитойлик прагматик сиёсатдонлар ҳам ўз манфаатларини тарозига қўйиб, охири оқилона йўлни танлашди. Яқинда БМТдаги сиёсий тадбирда Хитой Россияни босқинчи давлат, дея баҳолаб овоз берди. Бу борада унга Бразилия, Ҳиндистон сингари йирик давлатлар ҳам қўшилди. Қизиғи шундаки, Қозоғистон ва Арманистон каби яқин иттифоқчилар ҳам Россияни босқинчи мамлакат сифатида тан олишди. Бу борада Хитой томонини тушуниш мумкин. Нега деганда, Пекин минглаб, балки миллионлаб иқтисодий ришталар билан Ғарб дунёсига боғланиб қолган. Бунда АҚШ, айниқса, Европа мамлакатлари билан муносабатларнинг бузилиши Хитой иқтисодиётини ҳалокат ёқасига олиб келиши мумкин. Россия эса Хитой иқтисодий ҳаётида айтарли муҳим аҳамиятга эга эмас.
Шахмат ўйинида “гамбит” дейиладиган ҳолат бўлади. Бунда ўйин бошлаётган шахматчи ғалаба умидида бир неча қимматли фигураларини қурбон қилиб юборади. Бу хилдаги ўйин усули Хитой тарихида бир неча марта кузатилган. Айтайлик, “катта сакраш” ва “маданий инқилоб” муваффақиятсиз тугаганидан кейин марксистик таълимотдан амалда воз кечган хитойлик коммунистлар АҚШ бошлиқ Ғарб дунёси билан яқинлашув йўлини тутгандилар. Бугун ҳам улар келгуси муваффақиятлар учун “абадий дўст”лари Путин Россияси сиёсатига тескари ҳаракат бошладилар. Гарчанд, бунда умумий ўзаро стратегик ҳамкорлик барқарор тургандек туюлса-да, Пекиннинг кейинги “гамбит” юриши Москвани қаттиқ ранжитди.
Бугун дунё афкор оммасини Украинадаги бу хунрезлик уруши қачон тугар экан, деган мушкул савол қаттиқ ўйлантирмоқда. Менимча, бу борадаги ундан ҳам мушкулроқ савол: ушбу урушдан кейинги дунё манзараси қандай бўлади? Нега десангиз, Хитойнинг кучайиб бораётган таъсир доирасида келажак дунёнинг қиёфаси ўта мавҳумлигича қолмоқда. То урушдан кейинги дунёнинг шакл-шамойили аниқланмагунича жанг тугамаса керак. Чунки аввал ҳам айтиб ўтганимиздек, бу муҳораба шунчаки маҳаллий уруш эмас, балки икки дунё, икки дунёқарашлар тўқнашувидир. Бу уруш шунинг учун ҳам оламшумулки, унда ўнлаб моҳир ўйинчилар дона сурмоқда. Жаҳоннинг кейинги асргача сиёсий қиёфаси қандай бўлиши ана шу жангларнинг натижасига боғлиқ.
Худойберди КОМИЛОВ,
сиёсий шарҳловчи.